Ўзбекистонда болаларга таълим-тарбия беришда зўравонлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Лойиҳада таълим ташкилотида болаларни тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар зиммасига юклатилган шахс томонидан зўравонлик ҳолатлари содир этилса, маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.

Шу билан бирга, васий ёки ҳомий ўз яшаш жойини ўзгартириш, бошқа давлатга кўчиб кетиш ниятида бўлса, тегишли органнинг ёзма рухсати ва васийликка олинган 10 ёшга тўлган боланинг розилиги талаб этилиши, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-она ёки уларнинг биридан ундирилиши белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича ишларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари вакилининг иштироки ҳам белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида ота-она қарамоғидан ёки улардан маҳрум бўлган болани васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси яшайдиган жойга рўйхатга қўйганда давлат божи тўлашдан озод этиш таклиф этилган.

Мажлисда лойиҳа бўйича айрим эътирозлар билдирилиб, уни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилди ва масъул қўмитага қайтарилди.