Айрим озиқ овқат товарларини, масалан колбаса маҳсулотларини харидорнинг илтимосига кўра кесиб сотилиши мумкин. Бундай ҳолатларда ишлаб чиқарилган санаси ёнига унинг қадоғи очилиб, кесилган санасини ёзиб қўйилиши шарт. Чунки бундай ҳолда маҳсулотни яроқлилик (сақлаш) муддатлари ўзгаради. Яъни ишлаб чиқарувчи стандартларига кўра маҳсулотни қадоғи очилмаган ва кесилмаган ҳолда 30 кун сақлаш мумкин бўлса, у очилган (ё кесилган) санадан бошлаб 3 кун этиб белгиланган бўлиши мумкин.
Шунинг учун истеъмолчи бундай ҳолатдаги озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олаётганда унинг ўз қадоғида кўрсатилган ишлаб чиқарилган санасига, ишлаб чиқарувчи томонидан маҳсулот очилган (кесилган) кундан бошлаб неча кун истеъмолга яроқли бўлиши ҳақидаги маълумотларга эътибор бериши ва маҳсулотга сотувчи томонидан қўйилган кесилган (очилган) сана ҳақидаги маълумотларга солиштириб олиши керак бўлади.
Мисол учун, колбаса маҳсулотининг ишлаб чиқарувчи қадоғида унинг ишлаб чиқарилган санасини 2025 йил 1 октябр куни кўрсатилган, очилмаган (кесилмаган) ҳолда яроқлилик (сақлаш) муддатлари 30 кун этиб, очилган (кесилган) санадан бошлаб эса 2 кун этиб белгиланган.
Демак, маҳсулот очилмаса ёки ундан бўлаклар кесиб олинмаса ва ишлаб чиқарувчи талаблари асосидаги шароитларда сақланса у 2025 йилнинг 30 октябр кунига (шу кун ҳам қўшилади) қадар истеъмолга яроқли ҳисобланади.
Сотувчи ушбу ёзувларга қўшимча равишда маҳсулотдан бир бўлаги 2025 йилнинг 20 октябр куни кесиб олингани (у очилгани) тўғрисида этикеткага ёзув қўйган дейлик. Демак, ушбу ҳолатда ишлаб чиқарувчи меъёрларига кўра маҳсулотнинг яроқлилик (сақлаш) муддатлари 22 октябр куни тугайди.
Сиз маҳсулотнинг ушбу кесилган бўлагини 23 октябр куни қўлингизга ушлаб турган бўлсангиз унда маҳсулотни яроқлилик (сақлаш) муддати ўтган ҳисобланади.
Муҳаммадхожи Нишонов, Сўх туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси.