Ўзбекистонда авиа, темирйўл ва автобус чипталарини ягона онлайн платформадан олиш имкони яратилади

Барча авиа, темирйўл ва автобус қатновларида чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги. 

Президент фармонига мувофиқ, 2024 йил 1 декабргача хорижий мамлакатлар кесимида халқаро туризм кўргазмаларида намойиш қилиш учун маданий, гастрономик ва ҳунармандчилик контенти ишлаб чиқилади.

2024 йил 1 декабргача барча авиа, темирйўл ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади.

Транспорт вазирлиги:

  • авиа, темирйўл ва автобус чипталарини табақалаштирилган нархларда камида 6 ой олдин савдога чиқариш тизимини жорий қилади;

  • Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни, Янги йил байрами ва Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ҳамда Қурбон ҳайити диний байрамларини нишонлаш даврида республика ҳудудларини боғловчи қўшимча авиа, темирйўл ва автобус қатновларини йўлга қўяди;

  • амалга оширилаётган тадбирлар, жумладан, очилаётган янги рейслар, рейслардаги юкламалар, шакллантирилаётган янги авиа ва темирйўл маршрутлари тўғрисида маълумотларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб боради.