Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Сойбўйи» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Х.нинг харид қилинган хўжалик буюми қадоғида кўрсатилган маълумотларга тўғри келмаганлиги ва товарни бошқасига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда тумандаги «Чимён қурилиш моллари» хусусий корхонасига қарашли хўжалик моллари дўконидан 110 000 сўмга сув шланги сотиб олингани, шланг метрлаб, кесиб сотилувчи маҳсулот тарзида бўлмагани, балки қадоқланган ҳолдалиги, қадоғида эса шлангнинг 30 метрга тенглиги кўрсатилгани, лекин хонадонга келтирилиб, маҳсулот қадоғи очиб кўрилганда у 15 метрга тенг чиққанлиги маълум қилинади.
Амалдаги қонунчиликка кўра товар истеъмолчига нотўғри маълумот берилиши оқибатида сотиб олинган бўлса, у шартномани бекор қилиш ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мурожаатни ўрганиш жараёнида томонларга қонуннинг мазкур талаблари тушунтирилгач, сотувчи ва истеъмолчи ўртасида келишувга эришилди. Истеъмолчининг қўлига мақбул сифатдаги бошқа, худди шундай товар топширилиб, юзага келган муаммо ўрнида бартараф қилинди.