“Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан электрон дўкон воситасида давлат харидларини амалга оширишда нарх ва бошқа шароитлар тенг бўлган ҳолларда, белгиланган мезонларнинг бири асосида ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг таклифлари устунликка эга бўлади.
2024 йил 1 сентябрдан 2025 йил 31 декабргача кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ёрдамида ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида импорт қилинадиган асбоб-ускуналарни суғурталаш ҳамда хом ашё ва материалларни сертификатлаш харажатларининг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан (10 миллион 200 минг сўм) ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан давлат буюртмачилари томонидан тўғридан тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида 1 иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида 2 иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.