Президентнинг 06.04.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги № ПФ-73-сонли фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.
Стратегия доирасида қуйидаги мақсадларга эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифаси этиб белгиланди:
аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитетни, ўқувчи ва талабалар орасида кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психофаол моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш;
аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янги усуллар асосида ривожлантириш, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностика, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чораларни амалга ошириш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса интернет тармоқдаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини, биринчи навбатда рақамлаштириш орқали ривожлантириш ва бошқалар.
Фармон билан Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари таркиблари ҳам тасдиқланди. Уларга Миллий стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш вазифалари юкланган.
Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази этиб қайта ташкил этилди. Ҳужжат билан унинг структрураси белгиланган ва Миллий марказ:
Давлат комиссиясининг мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади ҳамда унинг фаолиятини ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлаб боради;
юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган давлат органи бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси олдида ҳисобдордир;
қайта ташкил этилган Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.05.2024 йилдан кучга кирди.