Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да “15-март “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” мавзусида брифинг ҳамда байрам тадбири ўтказилди. Унда ҳудудий бирлашманинг ҳамкор ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда дунёда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши, тараққий топиши ҳамда мустақил Ўзбекистонда мазкур ҳаракатнинг вужудга келиши ва бугунги ҳолати тўғрисида атрофлича ахборотлар бериб ўтилди. Шунингдек, ҳудудий бирлашманинг ҳамкор ташкилотлари вакилларининг мазкур масала юзасидан фикр-мулоҳазалари ҳамда таклиф ва тавсиялари эшитилди.
Тадбир доирасида вилоятимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини ривожлантиришга самарали ҳисса қўшиб келаётган айрим давлат, нодавлат ташкилотлари ходимларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилиб, унда «Точка зрения» газетаси таҳририяти ҳамда унинг расмий веб-сайти nuqtainazar.uz ҳам аҳолининг кенг қатламлари ўртасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик тарғиботини олиб бориш, истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини янада ривожлантириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билим савияси ва истеъмол маданиятини ошириш ишига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун ҳудудий бирлашманинг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланди.