Сирдарё вилоятида фуқарони Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилиб, ундан пул олганликда гумонланган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан Янгиер шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ё.А. (муқаддам судланган) таниши У.П. билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро М.А.ни Америка Қўшма Штатларига бориши учун виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Туркия ва Мексика орқали юбориши эвазига У.П. 8100 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.