Ҳужжат 2021 йил 28 май куни Минск шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган. Ушбу ҳужжат аҳоли бандлиги соҳасидаги биринчи кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланди.
Битимнинг мақсади қуйидагилардан иборат:
умумий меҳнат бозорини шакллантиришда муаммоларни ҳал қилиш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича ёндашувларни келишилган ҳолда ишлаб чиқиш;
Битим иштирокчи давлатларида аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва ишсизлар сонини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар, дастурлар ва хизматларни ишлаб чиқишда ва уларнинг самарадорлигини оширишда ҳамкорлик қилиш ва ўзаро кўмаклашиш;
фуқароларнинг давлатлараро эркин ҳаракатланишини ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқларини таъминлаш.
Битим доирасида қуйидаги 11 та йўналиш бўйича ҳамкорлик қилиш назарда тутилмоқда:
умумий меҳнат бозорини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
меҳнат миграциясини тартибга солиш ва аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар, дастурлар ва хизматлар самарадорлигини ошириш;
коммуникацион тўсиқларни, шу жумладан МДҲ иштирокчи давлатларининг меҳнат мигрантлари учун ишга жойлаштириладиган давлатнинг тили, тарихи, маданияти ва ҳуқуқлари асослари ва ўзига хос жиҳатларини ўргатиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш;
халқаро стандартлар бўйича амалиётга йўналтирилган кичик таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;
халқаро методикалар бўйича мустақил баҳолаш натижаларига кўра малакани ўзаро тан олиш тизимини яратиш;
иш топишда қийинчиликларга дуч келган аҳолининг айрим гуруҳларини ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш;
меҳнат ресурсларининг мобиллигини ошириш;
ахборот тизимларини ривожлантириш ва интеграция қилиш;
норасмий бандликни қисқартириш;
МДҲ иштирокчи давлатлари ҳудудларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун МДҲ иштирокчи давлатларидан меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган тарзда танлаб олиш ва жалб этиш тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш;
нолегал меҳнат фаолиятига, шу жумладан меҳнат мигрантлари томонидан шундай фаолиятнинг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.09.2021 йилдан кучга кирди.