Бугун, 29 сентябрь кунидан бошлаб “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди.
Мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 291-моддасига, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилди.
Қонунга кўра, ҳайдовчилар ёнида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси бўлмаса, транспорт воситаларини ушлаб туриш амалиётини бекор қилиняпти. Яъни эндиликда суғуртаси бўлмаган ҳайдовчи жарима солинади, унинг бошқарувидаги автомашина жарима майдонига олиб кетилмайди.
Эслатиб ўтамиз, «Mening fikrim» веб-порталига фуқаролардан автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги туфайли автотранспорт эгасига маъмурий жарима қўллаган ҳолда автотранспорт воситасини жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилинган ва мазкур мурожаат порталда 10 000дан ортиқ овоз тўплаган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ушбу мурожаатдан келиб чиқиб, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилиниб қабул қилинганди.