Жорий йилнинг 4 сентябрь санасидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган 9904 та давлат умумтаълим муассасаларида 2019−2020 ўқув йили бошланди. Мазкур ўқув йилида мактаблар ўтган ўқув йилига нисбатан 213 тага кўпайди. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар берди.
4 сентябрь куни республиканинг барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан «Билимлар куни» тадбирлари бўлиб ўтди. Барча умумтаълим мактабларида «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида мустақиллик дарслари ташкил этилди.
Мазкур дарсларни таълим муассасаларида юқори савияда ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан услубий тавсия, дарс ишланмаси ва слайд-тақдимоти тайёрланиб, Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларига етказилди.
Жорий йилда 937 та мактабда инвестиция ва бошқа давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бунинг учун 2,86 трлн сўм маблағ сарфланди. Бу кўрсаткич ўтган йилга (1,47 трлн сўм) нисбатан қарийиб икки бараварга кўп демакдир. Шунинг ўзи мактабларга қанчалик юксак эътибор берилаётганлигидан далолатдир.
Таълим сифати нисбатан юқори бўлган таълим муассасалари тажрибасини бошқа умумтаълим мактабларида жорий этиш мақсадида намунали мактаблар негизида 71 та тармоқ мактаблари ташкил этилди.
Инвестиция дастури доирасида 53 та умумий ўрта таълим мактаблари янги қурилиш ва 210 тасини реконструкция қилиш ҳисобига жами 646 та мактабларда белгиланган меъёрларга нисбатан сиғими 1,5 коэффициентгача тушишига эришилди.
2019−2020 ўқув йилида мактабларда жами 6,16 млн. нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу эса ўтган ўқув йилига нисбатан 338,56 минг нафар ўқувчи кўп эканлигидан далолат беради. Шундан 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўйди.
Ўқув йилининг биринчи кунида 1-синфга чиққан барча ўқувчиларга «Президент совғаси» топширилди. Жорий ўқув йилида 1-синф ўқувчилари учун бериладиган «Президент совғаси» таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди. 1-синф ўқувчилари учун «Президент совғаси»дан 12 турдаги ўқув қуроллари ўрин олган.
2019−2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-, 3-, 8-, 9-синфлари учун жами 479 номда 36,5 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этилди.
Янги ўқув йили учун дарслик ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлашда асосий эътибор мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратилди.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, дарслик ва ўқув-методик адабиётларнинг мазмунига халқаро баҳолаш дастури PISA, TIMSS талаблари сингдирилди.
Шунингдек, дарсликлар инновацион ёндашув асосида тайёрланди. Бунда ўқувчиларни мантиқий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйин, машқ, масала ва топшириқларга урғу берилди.
Яна бир янгилик, ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналарга кенг имкониятлар яратиш мақсадида 2019−2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 8−9-синфлар учун Технология дарслигининг янги авлоди (мустақиллик йилларида илк маротаба) чоп этилди ҳамда ижара тизимига киритилди. Аҳамиятлиси, мазкур дарсликлар 7 тилда нашр этилди.
Технология ва 8-синф Она тили дарсликлари мазмуни ўқувчиларнинг техник қобилиятини ривожлантиришга оид амалий, креатив, мантиқий ёндошувга асосланган топшириқлар билан бойитилди. Бу STEAM технологиялари талаблари асосида амалга оширилди.
8-синфлар учун География, Технология ҳамда Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари дарсликларида QR-код ёрдамида қўшимча маълумот олиш имконияти яратилди. 8−9-синф Тарих дарсликлари хариталар билан бойитилди.
2019−2020 ўқув йилида имконияти чекланган болалар мактаб ва мактаб-интернатлари учун 78 номда 60,6 минг нусха дарслик ҳамда ўқув қўлланмалар чоп этилди. Шундан 8 номдагиси кўзи ожизлар учун Брайль алифбосидаги дарсликлар ҳисобланади. Дарсликлар мактабларга етказилди.
2019−2020 ўқув йилида 247 372 дона синф журналлари чоп этилиб, «Ўқув таълим-таъминот» Давлат унитар корхонаси томонидан барча умумий ўрта таълим мактабларига етказилди.
Бундан ташқари, 99 440 дона 1−4-синф журналлари, 633 575 дона баҳолар табели (1−11-синфлар), 453 207 дона баҳолар табели (10−11-синфлар учун) ва 15 000 дона тўгарак машғулотлар журналлари таълим муассасаларига етказилди.
Бу йилги ўқув режага киритилган энг катта ўзгаришлардан бири — таълим рус тили ва қардош тилларда олиб бориладиган умумтаълим мактабларида давлат (ўзбек) тилини чуқурроқ ўргатиш мақсадида 5-синфдан бошлаб, ўзбек тили фанига ҳафтасига қўшимча 1 соат қўшиб берилди.
2019−2020 ўқув йили олдидан халқ таълими муассасалари раҳбарлари масъулияти ва ташаббускорлигини, педагог ходимлар касбий маҳоратини янада ошириш, ўқув дастур ва дарсликлардаги янгилик, ўзгаришлар билан тизим ходимларини яқиндан таништириш, янги ўқув йилидаги муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида жорий йилнинг 15−16 август кунлари «Таълимда ислоҳотлар: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик» шиори остида республика ўқув-семинари видеоконференция шаклида ташкил этилди.