Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари ёшлари иштирокида Фарғонада ўтказилган “Келажакни терроризмсиз қурамиз!” шиори остидаги халқаро фестиваль бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хусусан, иштирокчилар Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғи, Эркин Воҳидов номидаги мемориал музейи, она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлди. Буюк адиб ҳаёти ва фаолиятини ўзида ифода этган музейда шоирнинг шеърий тўпламлари, ижодий фаолиятига оид буюмлар, фотосуратлар, асарларига ишланган кўргазмалар билан танишди. Шу билан бирга, Марғилон ҳамда вилоятнинг ижодий муҳитида камол топган, унинг сайқал топиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшган маданият, санъат вакиллари ҳақида маълумотга эга бўлди.
Миллий ҳунармандчилик марказида ҳунармандлар кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонлар дошқозонда баҳор таоми – сумалак пишириш жараёнини кузатди. Шаҳар фольклор-этнографик ансамбли ва ёш истеъдодларнинг чиқишлари иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида “Хазон бўлган гул” спектакли намойиш этилди. Меҳмонлар шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
“Келажакни терроризмсиз қурамиз!” шиори остидаги халқаро ёшлар фестивали уч давлатнинг навқирон авлоди қудратини намоён этди. Икки кун мобайнида Фарғона кўчалари ва кошоналарини тўлдириб юзма-юз мулоқотлар, баҳс-мунозаралар, спорт мусобақалари ўтказган, ўзбекона меҳмондўстликдан яйраган, байрам дастурлари орқали ўйнаб-кулган ёшлар дунёга янгича нигоҳ билан боқишга интилаётганини кўрсата олди.
ФОТО: