2019 йилда қайси қонун лойиҳалари кўриб чиқилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 11.02.2019 йилдаги 113-сон қарори билан 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури тасдиқланди.

Ҳужжат Давлат дастури–2019, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси, шунингдек бошқа ҳужжатларда назарда тутилган қонун лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Дастурга жами 38 та қонун лойиҳаси киритилган. Уларни ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар, Вазирлар Маҳкамаси ва Қонунчилик палатасига киритиш муддатлари, шунингдек улар қабул қилинган тақдирда кутиладиган натижалар кўрсатилган. Улар орасида, хусусан:

 

  • янги таҳрирдаги Солиқ кодекси. 1 июлгача Қонунчилик палатасига киритилиши кутилмоқда. Ҳужжат илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда халқаро молия ташкилотлари мутахассислари билан биргаликда ишлаб чиқилади. Шу жумладан ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш ва яширин фаолият юритадиган субъектларни жазолаш механизмлари назарда тутилади;

 

  • янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси. Ҳужжат IV чорак охирида Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Ишнинг ўзига хос хусусиятига кўра меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш тартибининг соддалаштирилиши, ходим билан бир вақтда иш берувчининг ҳам манфаатларини ифодалайдиган қоидалар киритилиши кутилмоқда;

 

  • Жиноят-процессуал ва Фуқаролик кодексларига ўзгартиришлар. Улар қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ва муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони бериш натижасида фуқарога етказилган зарарни ундириб олиш масалаларига тааллуқли бўлади. Зарарни тегишли давлат идораларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан қоплаб, кейинчалик ушбу суммани айбдор шахсдан ундириб олиш режалаштирилмоқда;

 

  • янги таҳрирдаги «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун. Парламентга тахминан 1 апрелда киритилади. Ҳужжатда қуйидагиларни назарда тутиш режалаштирилмоқда:

а) соҳага оид қонуности ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш, ҳаволаки нормаларни максимал даражада қисқартирган ҳолда валюта операцияларини амалга оширишга оид барча жиҳатларни тартибга солиш;

б) халқаро тажрибани чуқур ўрганиш асосида ва тадбиркорлар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда валюта операцияларини тартибга солишни соддалаштириш;

в) жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз валюта маблағидан эркин фойдаланиш ҳуқуқининг кафолатини мустаҳкамлаш;

г) капитал ҳаракати билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш;

д) валюта бозори фаолиятини янада такомиллаштириш ва эркинлаштириш;

е) норезидентларнинг республикамизда фаолият юритиши натижасида олинган маблағларини чет эл валютасига айирбошлаш амалиётини янада соддалаштириш ва бошқалар;

 

  • янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги Қонун табиий монополиялар соҳасида тартибга солишни кучайтириш имконини беради. Қонун бузилиш ҳолати учун монополистларнинг жавобгарлиги оширилади, АКТ соҳасида рақобат тартибга солинади. Лойиҳа 1 ноябргача киритилади;

 

  • «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар. Ваколатли давлат органининг ваколатлари кенгайтирилади, шу жумладан банк сирларини очиш ҳуқуқи билан. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи органлар ўртасида ахборот алмашиш вақтида олинган махфий ахборотни ошкор қилиш бўйича чекловлар белгиланади;

 

  • «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар (1 июлгача ишлаб чиқилади). Улар қуйидагиларга оид бўлади:

а) аудиторлик фаолиятини лицензиялаш жараёнини соддалаштириш;

б) аудиторларни сертификатлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

в) ҳар йили аудиторлик текширувидан ўтиши шарт бўлган ижтимоий аҳамиятга эга корхоналарни аниқлаш;

 

  • «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси (1 августгача Парламентга киритилади). Унда қуйидаги масалалар ўз аксини топади:

а) 2021 йилдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

б) тегишли норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш;

в) соғлиқни сақлаш эҳтиёжи учун ажратилаётган пул маблағларини жамлаш ва тақсимлаш механизмларини такомиллаштириш;

г) «ҳар бир тўлиқ даволанган ҳолат» ҳисобидан келиб чиқиб молиялаштириш механизмларини жорий қилиш;

д) тиббий суғурта дастурларини амалга оширишга нодавлат тиббиёт ташкилотларини кенг жалб этиш ва ҳ.к.;

 

  • янги таҳрирдаги «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонун. Тахминан 25 апрелда Қонунчилик палатасига киритиш режалаштирилмоқда. Ҳукумат аъзоларининг ваколатлари ва жавобгарлигини белгилаш, Парламент, Президент, унинг администрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар, ННТ, сиёсий партиялар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари тартибга солинади;

 

  • янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун. Олий Мажлис палатасига киритилиши мўлжалланган сана – 1 апрель. Тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмига эга бўлмаган қонун лойиҳаларини (яъни декларатив, «ҳадли» тусга эга, ҳақиқатда амалга ошириш механизмларини назарда тутмайдиган, таҳр.) киритиш тақиқланишини тартибга солиш кўзланмоқда.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.02.2019 йилдан кучга кирди.