2026 йил 19 ноябрда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) томонидан эълон қилинган «Электрон ҳукумат тадқиқоти — 2026» ҳисоботида Ўзбекистон 194 та мамлакат орасида 32-ўринни эгаллади. 2024 йилга нисбатан бир йўла 31 поғона юқорилаган мамлакатимиз «жуда юқори» электрон ҳукумат ривожланиш даражасига эга давлатлар сафидаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Олти йилда 55 поғоналик ўсиш ва индекс таркиби
БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида (EGDI) Ўзбекистоннинг умумий балли аввалги сўровномадаги 0,7999 дан 0,8930 гача ошди. Шу тариқа мамлакат “жуда юқори EGDI” гуруҳининг V3 рейтинг синфидан жой олди. Сўнгги олти йиллик динамика мамлакатдаги рақамли ислоҳотлар изчил суръатда кетаётганини кўрсатади.
Хусусан, Ўзбекистон 2020 йилдаги 87-ўриндан 2026 йилда 32-ўринни эгаллаб, олти йил ичида 55 поғона юқорилади.
EGDI учта тенг оғирликдаги компонент асосида ҳисобланади ва Ўзбекистон 2026 йилги баҳолашда барча йўналишлар бўйича юқори натижа қайд этди:
Телекоммуникация инфратузилмаси индекси — 0,9213 балл: уланиш ва хизматлар арзонлиги бўйича Халқаро электралоқа иттифоқи (ХЭИ) маълумотларига таянилган энг юқори кўрсаткич.
Онлайн хизматлар индекси — 0,8885 балл: UN DESA томонидан миллий давлат порталлари ва рақамли хизматларнинг мустақил шарҳи асосида берилган баҳо.
Инсон капитали индекси — 0,8692 балл: ЮНЕСКОнинг таълим ва рақамли салоҳиятга оид маълумотлари негизида шаклланган кўрсаткич.
Бундан ташқари, Электрон иштирок индекси 0,8276 га етди. Ўзбекистоннинг 0,8930 умумий балли глобал ўртача кўрсаткичдан (0,6675), Осиё ўртача кўрсаткичидан (0,7191) ва Марказий Осиё ўртача кўрсаткичидан (0,7399) сезиларли даражада юқори бўлди. Жаҳон рейтингида биринчи ўринни 0,9794 балл билан Корея Республикаси эгаллади.
Тошкент шаҳрининг маҳаллий онлайн хизматлардаги муваффақияти
2018 йилдан буён БМТ шаҳар порталларини Маҳаллий онлайн хизматлар индекси (LOSI) орқали ҳам баҳолаб келади. 2026 йилги нашрда 194 та шаҳар қамраб олинган бўлиб, Тошкент 0,8911 балл тўплади ва “жуда юқори” тоифага кирди. Пойтахт 2024 йилдаги 95-ўриндан 37-ўринга кўтарилиб, бир йўла 58 поғоналик ўсишга эришди.
Тошкент шаҳри институционал тизим бўйича максимал — 1,0000 балл, контент бўйича 0,9032, электрон саводхонлик бўйича 0,9000, хизматлар сифати бўйича 0,8950, инфратузилма бўйича 0,8571 ва фуқаролар иштироки бўйича 0,8000 балл олди.
Ҳисоботда Тошкент шаҳар портали алоҳида намуна сифатида тилга олиниб, ундаги индивидуал хизматлар учун жорий этилган беш юлдузли баҳолаш тизими, кунига тўрт марта янгиланадиган фойдаланиш статистикаси ҳамда “Халқ назорати” платформаси орқали аҳоли қониқиши юзасидан ҳафталик ва йиллик ҳисоботлар эълон қилиниши алоҳида эътироф этилди.
Марказий Осиё минтақасидаги қиёсий манзара
Ҳисоботда Марказий Осиё 2026 йилнинг энг кўзга кўринган электрон ҳукумат муваффақиятларидан бири сифатида белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон тараққиёти ва ўзгаришларнинг асоси сифатида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси алоҳида қайд этилди. Минтақа давлатлари орасида Ўзбекистон фақат Қозоғистондан кейин иккинчи ўринни банд этди.
Давлат
EGDI балли
Глобал ўрни
Шаҳар (LOSI)
Шаҳар ўрни
Қозоғистон
0,9363 (VH синфи)
16-ўрин (24 дан)
Олмаота (0,9604)
12-ўрин
Ўзбекистон
0,8930 (V3 синфи)
32-ўрин (63 дан)
Тошкент (0,8911)
37-ўрин
Қирғизистон
0,7534
83-ўрин
Бишкек
55-ўрин
Тожикистон
0,5782
131-ўрин
Душанбе
133-ўрин
Туркманистон
0,5388
146-ўрин
Ашхобод
137-ўрин
Минтақадаги қўшни давлатлар орасида Қозоғистон илк бор энг юқори VH рейтинг синфига кирди, Қирғизистоннинг Tunduk платформаси ва булутли электрон имзо архитектураси БМТ томонидан ижобий қайд этилди, Туркманистон эса ўртача кўрсаткичдан юқори гуруҳга кўтарилди.
Глобал контекст ва истиқболдаги вазифалар
2001 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта нашр этиб келинаётган БМТ тадқиқоти 2026 йилда 25 йиллик юбилейини нишонлади ва БМТга аъзо 193 та давлат ҳамда илк бор Фаластин давлатини қўшган ҳолда жами 194 та мамлакатни қамраб олди. Глобал миқёсда 194 та давлатдан 151 таси юқори ёки жуда юқори EGDI гуруҳларига кирди (2024 йилда 138 та эди). Шунга қарамай, UN DESA маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 24,3 фоизи — тахминан 1,95 миллиард киши ҳануз глобал ўртача даражадан паст мамлакатларда яшамоқда.
Таҳлилчилар учун эътиборли жиҳати шундаки, тадқиқот муаллифлари EGDI ҳукуматнинг рақамли хизматларни тақдим этишга тайёрлигини ўлчашини, бироқ одамларнинг ушбу хизматлардан амалда қанчалик кенг фойдаланиши ёки улардан қониқишини бевосита ўлчамаслигини таъкидлайди. Шунингдек, 2026 йилги нашр сунъий интеллектга асосланган (AI-enabled) давлат бошқарувига ўтиш шароитида ишончли маълумотлар, инсон назорати ва аниқ жавобгарлик зарурлигини таъкидламоқда.
Демак, Ўзбекистон учун навбатдаги муҳим қадам эришилган юқори инфратузилма ва портал тайёрлигини барча ҳудудларда аҳолининг реал фойдаланиш кўлами ва хизматлар сифатидан қониқиш даражаси билан уйғунлаштиришдир.
Санжарбек Рахмонов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.