Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқлари ва ҳудудлардаги савдо комплексларини Рамазон ойида нархлар барқарорлигини таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу чоралар давлат раҳбарининг Рамазон кунларида ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича берган топшириғи ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Қўмита томонидан савдо тармоқлари ва етказиб берувчи корхоналарга қуйидаги мажбуриятлар юклатилди:
Рамазон ойида талаб кескин ошадиган ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор ушлаб туриш;
логистика харажатлари ёки бошқа омиллар сабабли нархлар ўзгариши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида қўмитани тезкор хабардор қилиш;
етказиб берувчилар томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик.
“Рақобат қўмитаси халқимиз учун муҳим бўлган ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида ўз ваколатлари доирасида зарурий барча чораларни кўриб боришини маълум қиламиз”, — дейилади қўмита хабарида.