Истиқлол барча неъматлар ичида энг азиз ва тотли неъмат ҳисобланади. Мустақиллик шарофати билан ҳар кунимиз фаровон, тунларимиз эса осуда ўтади. Бу буюк инъом туфайли юртимиздаги кекса-ю ёшга ҳар жабҳада имкониятлар эшиги очиқ. Уни ҳамиша асраб-авайлаш ҳамда унга муносиб бўлиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.
Юртимиз бўйлаб кўтаринки кайфиятда нишонланаётган мустақиллик шукроналари ҳамон давом этмоқда. Хусусан, анъанага кўра Фарғона давлат университети талабаларининг илк ўқув машгъулотлари мустақиллик дарслари билан бошланди. Дарс давомида шонли тарихимиз, асрлар давомида сақланиб келинаётган миллий қадриятларимиз, маърифат учун курашган аждодларимиз ҳақида сўз юритилди.
Уларнинг бизга қолдирган бой маданий меросини сақлаш, ўзлигимизни унутмаслик, Ватанни севиш ҳисси каби абадийликка даҳлдор туйғулар борасида фикр алмашилди. Янги Ўзбекистонда инсон азиз эканлиги, юртбошимиз яратиб берган имкониятларга муносиб бўлиш зарурлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, олийгоҳга қадам қўйган инсонни, энг аввало, олий таълим муассасасининг кўркам биноси, замонавий ўқув хоналари ва билимлар хазинасини ўзида жамлаган ахборот-ресурс маркази кўзини қувонтиради. Қолаверса, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун мўлжалланган спорт заллари ҳамда турли спорт турларига мосланган машғулот хоналари ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимиз таъкидланганларидек, нажот – таълимда, нажот – тарбияда. Ўқув даргоҳимизда ҳам нафақат сифатли таълим бериш билан биргаликда талаба ёшларнинг маънавий дунёси ривожланиши, уларнинг фидоий, жонкуяр, келажакка, юртимиздаги ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини туядиган кадр қилиб тайёрлаш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.
Бу мақсад йўлида эса турли маърифий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ва зиёлилар, шоир ҳамда ёзувчилар билан учрашувлар доимий ташкиллаб борилади.
Мустақиллик дарслари талабалар томонидан ижро этилган Ватанни, меҳнаткаш халқимизни мадҳ этувчи шеърлар билан янада жўшқин тус олди. Дарс сўнггида талабаларнинг ҳар бирлари жонажон юртимизнинг бир бўлаги бўлиб, унинг корига яраб, чин дилдан меҳнат қилишлари, аъло ўқишлари ва ҳар соҳада фаол бўлиш каби олий мақсадларини яна бир бор мустаҳкамлаб олдилар. Зеро, бир бўлсак ягона халқмиз – бирлашсак Ватанмиз!
Дилором ИСМОИЛОВА, Фарғона давлат университети, Чет тиллари факултети Инглиз филологияси кафедраси ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.