Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун аризани онлайн шаклда топшириш мумкин бўлади

1 апрелдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ариза топшириш мумкин.

Тошкент ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, 13 февраль куни ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва адлия вазири Русланбек Давлетов бу ҳақдаги қўшма қарорни имзолади.

Янгилик бутун Ўзбекистон бўйича жорий этилади. Хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари маркази орқали тақдим этиладиган электрон рақамли имзо лозим.

Онлайн ариза топшириш вақтида аризачининг фотосурати ИИВ маълумотлар базасидан олинади. Агар аризачи ҳайдовчилик гувоҳномасида янги фотосуратини кўришни хоҳласа, давлат хизматлари марказига ташриф буюриши лозим.

Киритилган маълумотлар текширилганидан сўнг давлат божини тўлаш учун квитанция тайёрланади. Тайёр ҳужжатни давлат хизматлари марказидан олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан прописка ва почта манзилидан қатъи назар, ҳар қандай давлат хизматлари маркази орқали давлат хизматларини олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, ЯИДХП орқали давлат хизматларини олишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар учун 90 фоиз миқдорида тўлов амалга оширилади.