GM Uzbekistan автомобиллар кафолат муддатини узайтирди

GM Uzbekistan компанияси янги автомобилларга кафолатли хизмат кўрсатиш муддатини 1 йилдан 3 йилга ёки 20 мингдан 100 минг км масофага қадар узайтиради, дея хабар қилди компания матбуот хизмати.

Кафолат муддати автомобилнинг эгаси билан боғлиқ бўлмайди, яъни ушбу давр мобайнида автомобил эгаси ўзгарса, унинг янги эгаси ҳам ушбу кафолат ҳуқуқидан фойдалана олади.

Автомобилдан нотўғри фойдаланиш, авария, автомобилнинг конструкцияси ва модификациясига ўзгартириш киритиш ёки ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилмайдиган қўшимча ишлов берилиши ёки жиҳозланиши туфайли носозликлар юзага келган тақдирда кафолат даври чекланади.

Кафолат муддати давомида автомобилнинг ишлаб чиқарувчи томонидан аниқланган нуқсони бор қисмларини таъмирлаб бериш ёки алмаштириш расмий хизмат кўрсатиш марказлари томонидан бепул амалга оширилади. Бунинг учун эса автомобиль эгасидан автомобилнинг эксплуатацияси бўйича барча шартлар йўриқномага асосан бажарилган бўлиши талаб этилади.