Фарғона вилоят судларининг 2023 йил 9 ойлик фаолият якунлари юзасидан журналистлар ва жамоатчилик вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятлари тизимида матбуот ва ахборот йўналишида фаолият олиб бораётган ходимлар ҳам иштирок этдилар.
Анжуманда жорий йилнинг тўққиз ойи давомида жиноят, маъмурий, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судлар томонидан ҳисобот даврида кўрилган жиноят, маъмурий, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўрилиш аҳволи, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари, жисмоний ва юридик шахслар вакиллари қабули, Меморандумлар ижроси, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида атрофлича ахборотлар бериб ўтилди.
Ахборот берувчилар ҳар бир йўналиш бўйича жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ортиши ёки камайиши ҳолатлари, буларни келтириб чиқараётган омиллар, қонунбузилиши ҳолатларини, шунингдек фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари поймол қилинишини олдини олиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар ҳам қайтардилар.