Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Пичоқчи» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Г.Қ.нинг фарзандлари учун харид қилган мактаб формасини савдо дўконига қайтарилишида амалий ёрдам сўраб ёзилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у шаҳарнинг «Ипакчи буюм бозори» ҳудудидаги савдо дўконидан 365 000 сўмга 3 нафар қиз фарзандлари учун мактаб формаси (кофта ва юбка) харид қилади. Формалар уйга келтирилгач, истеъмолчининг қайнонаси унинг қизлари борадиган мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаши боис, харид қилинган формани эски фасондалигини, невараларининг мактабдаги тенгдошлари бошқа фасон ва рангдагисидан харид қилганликларини, шунингдек мазкур кийимларни мактаб стандартлари ва талабларига ҳам бироз мос келмаслигини айтгач, сотувчига келиб уларни бошқасига алмаштириб беришини илтимос қилади. Сотувчи у сўраган фасондаги формалар сотиб бўлинганини айтганидан сўнг, пулини қайтариш талабини қўяди. Лекин унинг бу талаби ҳам бажарилмайди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчида мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида алмаштириб олиш, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олиш ҳуқуқи мавжуд. Шаҳар жамияти мутахассислари сотувчи билан учрашиб, қонуннинг мазкур талаби юзасидан тушунтириш берганларидан сўнг, сотувчи истеъмолчининг 365 000 сўм пулини қайтариб берди.
Муҳаммадазиз Исақов, шаҳар жамияти бош мутахассиси.