Туз бизнесида ғирромлик аниқланди

Фарғона вилоят адлия бошқармасига Тошкент шаҳрида жойлашган “ORZU OSH TUZI” маъсулияти чекланган жамияти шикоят ариза билан мурожаат қилди. Гап шундаки, жамиятга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган «ORZU» савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган истеъмол туз маҳсулоти дизайнига ўхшаш «QORTUZ” номли туз маҳсулоти ишлаб чиқараётганлик ҳолати юзасидан тегишли чора кўришни сўраган.

Контрафакт
Ҳақиқий бренд

Мурожаатни ўрганишда маълум бўлишича, Фарғона вилоятида жойлашган “A.T” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган “QORTUZ” номли туз махсулоти қадоғида фойдаланилган сўзларни ёзилишида “QORTUZ” сўзининг “ORTU” харфларини қизил ранг билан ажратиб ёзилганлиги, “QORTUZ” soʻzidagi “T” харфини “Z” шаклига ўхшатиб тасвирланганлиги, “U” харфининг ўнг тарафида шулалар тасвири, ёзилиш услуби, шриф тури, жойлашган жойи ва хошияда юлдуз шаклини мавжудлиги, фони ва бошқаларга асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ҳамда муҳофаза қилинаётган “ORZU OSH TUZI” МЧЖ га тегишли бўлган товар белгисига график ва тасвирий жиҳатдан истеъмолчиларни адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган туз маҳсулотлари ишлаб чиқарганлик факти тасдиқланиб, унга нисбатан МЖтК нинг 177-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича туман судига юборилди. Суд Фарғона вилоятида жойлашган “A.T” МЧЖ раҳбари “А.К” ни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 апрелдаги «Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу муҳим хужжат — тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқараётган махсулотларини экспорт қилишда ҳамда товар брендини шакллантиришда қулай имкониятларни тақдим этади.

Айтиш жоизки, мазкур қарор билан Ўзбекистон тарихида илк маротаба 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Айни кунларда қарор мазмун моҳиятини тадбиркорлар ва ишбилармонларга тушунтириш ва яратилган имкониятларни етказиш мақсадида жойларда кенг қамровли тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Ана шу тадбирлар самараси ўлароқ адлия органларининг ҳуқуқий кўмаклашишлари натижасида биргина Фарғона вилоятида 280 га яқин тадбиркорлик субъектлари ортиқча сарсонгарчиликсиз ўз брендларига эга бўлишди.

Хурматли тадбиркорлар, ўз брендингизни яратинг, товар (савдо) белгиси ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган мутлоқ ҳуқуқ ва уни ҳурмат қилиш ҳар биримизнинг мажбуриятимиз эканлигини унутмайлик!

Умиджон НАЗИРОВ,
Фарғона вилоят адлия бошқармаси,
Интеллектуал мулк ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи