Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси 2022 йилнинг 2-чорагида ўтказиладиган медиа тадбирлар режаси асосида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Водил қишлоғига пресс-тур ташкиллади.
Пресс-тур давомида Федерациянинг Фарғона туман жамияти томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш йўналишида олиб борилаётган ишлар, шунингдек ҳудуддаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида аҳолига истеъмол товарларини (хизматларни) реализация қилиш жараёнлари, бунда Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига 2022 йил 18 январдаги 746-сон қонун билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг амалиётга жорий қилиниши ҳолатлари билан танишилди.
Тадбир доирасида аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, хўжалик моллари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни реализация қилаётган савдо объектлари раҳбар ва масъул ходимларига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асослари, қонуности меъёрий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.