Жорий йилнинг 25-апрель куни Фарғона вилояти статистика бошқармаси биносида вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида вилоятда хизматлар соҳасини ривожланиши бўйича жорий йилнинг 1-чорак якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда вилоят статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ш.Зокиров ҳамда “Хизматлар соҳаси статистикаси” бўлими бошлиғи Ў. Собировлар қатнашди.
Матбуот анжуманида Фарғона вилояти статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ш.Зокиров матбуот анжуманини кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида хизматлар соҳасига корхоналар, ташкилотлар, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан кўрсатиладиган турли хил хизматлар, ишлаб чиқаришни ўз ичига олган умумлаштирилган тоифалар кириши, ушбу соҳани кўпинча ривожланган замонавий инфратузилма туфайли саноатдан кейинги иқтисодий тузилма тарзида кўрилиши ҳақида тўхталиб, 2024-йил 1-апрель ҳолатига вилоятда хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 28 432 тага етганлиги, улар томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 7 363,8 млрд. сўмга бажарилганлиги, таққослама эквивалентда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 112,2 %ни ташкил этганлиги ҳамда аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1 809,1 минг сўмни ва у 2023-йилга нисбатан 109,9 %ни ташкил этганлиги ҳақида батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг вилоят статистика бошқармасининг “Хизматлар соҳаси статистикаси” бўлими бошлиғи Ў. Собиров сўзга чиқиб, 2024-йил январь-март ойларида Фарғона вилоятида транспорт хизматлари ҳажми 1 387,9 млрд. сўмни ташкил этганлиги, шундан, автотранспорт хизмати 1 296,5 млрд. сўм, савдо хизматлари ҳажми 2 121,4 млрд. сўм, молиявий хизматлар ҳажми 1 705,2 млрд. сўм, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 375,2 млрд. сўм, таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 266,6 млрд. сўм, яшаш ва овқатланиш соҳасидаги хизматлар ҳажми 191,0 млрд. сўм, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар ҳажми 148,7 млрд. сўм, ижара хизматлар ҳажми 145,8 млрд. сўм, компьютер ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар ҳажми 193,7 млрд. сўм даражасида белгиланганлиги ҳақида сўз юритди.
Бундан ташқари, иқтисодий фаолият турларида хизматлар ҳажмининг асосий 13 та тур фаолиятини шакллантирилишида ички 70 та хизмат турларини кузатилиши ва таҳлилий ишларни олиб борилиши натижасида келиб чиқиши ҳақида ахборот берди. Анжуман сўнгида музокаралар бўлиб ўтди.