Ангрендаги иккита мактабда “Телефонсиз мактаб” тизими жорий этилди

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги иккита мактабда “Телефонсиз мактаб” тизими жорий этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Февраль ойида Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Чирчиқ шаҳридаги мактаб директорлари билан учрашувда ўқитувчилари ва ўқувчилари телефондан воз кечган мактабга 300 миллион сўм пул мукофоти беришини маълум қилган эди. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан берилган хабарда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борада қатъий белгилаб қўйилгани эслатиб ўтилган.

“Мазкур қарор ва таклиф ижросини таъминлаш юзасидан Ангрен шаҳридаги 13- ва 17-сонли умумтаълим мактабларида ‘Телефонсиз мактаб’ тизими жорий этилиб, ўқувчиларнинг эътибори устозлар томонидан берилаётган билимларни янада чуқурроқ эгаллашга қаратилди. Шунингдек, ота-оналар кузатув кенгаши билан мактаб маъмурияти ҳамкорликда йиғилиш ўтказилиб, телефондан таълим муассасасида умуман фойдаланмаслик таклифи илгари сурилди ва барча томонидан бирдек маъқулланди”, — дейилади хабарда.