ФАРҒОНА НИМАСИ БИЛАН БАТКЕНЛИК САЙЁҲЛАРНИ ЎЗИГА ЖАЛБ ҚИЛАДИ?

Риштон тумани ўзининг кулолчилик санъати билан хорижий ва маҳаллий сайёҳларни ўзига чорласа, “Саткак”, “Аввал”, “Водил” каби қишлоқлар сўлим барҳаво табиати ва зиёратгоҳлари билан, “Қизилтепа” қишлоғи тиббиёт туризми салоҳияти ва узумзорлари билан ташриф буюрувчиларни жалб этади. Масалан, Аввал қишлоғи гўзал табиати, салқин ҳавоси, булоқлардан тўйинадиган катта сойи билан инсонни ўзига мафтун этади. Хўжам Подшо зиёратгоҳи ва археологик ёдгорлиги жойлашган бўлиб, зиёратчилар билан гавжум. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг уй-музейи Аввал қишлоғида жойлашган. Ўзбекнинг фахрли фарзанди, халқ ёзувчиси ҳақида маълумотга эга бўлиш, бизнингча, меҳмонлар учун фойдали ва қизиқ.

6 (6)
4
2 (3)
10 (6)
8 (10)
11 (3)
51
а
 

Яна бир жиҳат, оддий аҳолининг турмуш тарзини тарғиб қилиб сайёҳлар эътиборини қозониш мумкин. Биламизки, Водил қишлоғида аҳолининг кўп қисми асосан, малина етиштириш билан шуғулланади. Малина мевасини ўз қўллари билан териб, тановул қилиб, баҳраманд бўлади.

Қўқон ёғоч ўймакорлиги намуналарининг  ўтмиши ва бугуни сайёҳларни ўзига мафтун этиб келади. Марғилон шаҳри ва Риштон туманида ташкил этилган ҳунармандлар марказларига келган  сайёҳлар ипак матолари тўқиш, кулолчилик буюмлари тайёрлаш жараёнларининг бевосита гувоҳи бўлиб, маҳсулотлар харид қиладилар.

Садафбек Ҳусанбоев, «Дилрабо Тревел» туристик компанияси раҳбари.

— Баткенликлар бизнинг тарихий обидаларимизга қизиқиши юқори, — дейди Фарғона шаҳрида ташкил этилган «Дилрабо Тревел» туристик компанияси раҳбари Садафбек Ҳусанбоев. — Яна уларга ўзимизнинг коса сомсамиз ёқади ва севиб истеъмол қилади.

Бурҳониддин Марғиноний, Саид Аҳмад Эшон мажмуалари, Пирсиддиқ Ҳазрат чиллахонаси ва мақбараси, Увайсий уй-музейи, ҳунармандлар устахоналари, Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройи ва унда жойлашган ўлкани ўрганиш музейи, Жомеъ, Камолқози масжидлари, Норбутабий мажмуаси, Даҳмаи Шоҳон ва Мадалихон тарихий ёдгорликлари, Фарғона шаҳри ҳамда Қувадаги Аҳмад Ал-Фарғоний мажмуалари бўйлаб уюштирилаётган саёҳатлар туристларда юртимиз тарихи ҳақида катта таассурот қолдирмоқда.

Учкўприк туманидаги Лаванда боғи, Акбаробод ва Зилҳа қумлари, Сариқўрғон тепалиги, Оқбилол ғори каби табиат ёдгорликлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади.

Хўш, бизнинг туристик манзилларимиз қўшни қирғизистонлик сайёҳлар учун қизиқми?  

“Қадамжой тур” туристик компанияси раҳбари Максат Буджаевнинг сўзларига кўра, Фарғона бозорларидан улар асосан деҳқончилик маҳсулотларини, шунингдек, Ўзбекистонга хос бўлган айрим буюмларни харид қилиш истагида келадилар. —Гастрономик туризм биз учун қизиқ, — дейди у. Фарғонача усулда тайёрланган ош, сомса, кабоб сингари тансиқ таомларингизни ёқтирамиз.

                            Максат Буджаев, Баткен вилояти “Қадамжой тур” туристик компанияси раҳбари.

— Баткенликлар айланиш, кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш мақсадида келадилар. Ўзбекистон томонида ташкил қилинаётган турли фестиваллар, истироҳат боғлари ва бошқа шу каби маданий тадбирларни мисол келтириш мумкин. Қариндош-уруғ, яқинларни йўқлаш, ҳолидан хабар олиш, тўй ва бошқа маросимларда иштирок этиш учун келадиганлар бор. Шунингдек, Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасаларига даволаниш, санаторияларга келиб соғлигини тиклаш ҳам перспектив йўналишлардан ҳисобланади.

—Бугунги кунда Фарғона вилоятига чегарадан ўтишда ҳеч қандай муаммо йўқ, — дейди Қадамжой тумани маданият уйи раҳбари Абдутолиб Ташабоев. — Биз бу юртга халқаро мусиқа фестиваллари баҳонасида тез-тез келиб турамиз.  Қариндош уруғларни йўқлаб турамиз. Турли тадбирларга, ўқув даргоҳларга таклиф этилса, шунингдек, савдо-алоқаларни кенгайтириш керак, деб ўйлайман. Ана шунда қирғизистонлик ёшлар ҳам бу ерларга ташрифи кўпаяди. Ўзбек дўстларимиз билан янада яқин бўламиз.

                     Абдутолиб Тешабоев, Қадамжой тумани маданият уйи раҳбари.

Ҳа албатта, ўзбек ва қирғиз халқнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигининг ривожланишида шубҳасиз, икки қўшни давлат ўртасида ўзаро дўстлик, биродарлик, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда йўлга қўйилган ҳамкорлик мевасидир. Туризм халқлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

И.Абдужабборов.
М.Қодиров олган суратлар.