Ўзбекистонда атмосфера ифлосланишини мониторинг қилиш учун 347 та автоматлашган кичик станция ўрнатилади, деб хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 декабрга қадар ўрнатиладиган ушбу кичик станциялар Экология вазирлиги томонидан тасдиқланган техник талаблар ва ҳудудларга жойлаштириш хариталари асосида Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан ўрнатилади. Уларни жойлаштиришда туман ва шаҳарларнинг географик жойлашуви, иқлимий кўрсаткичлари ҳамда саноатлашуви инобатга олинади.
“Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига кўра, бундай станцияларни сотиб олиш республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган ссуда маблағлари ҳисобиданамалга оширилади.
2024 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида ўрнатиладиган автоматлашган кичик станциялар маълумотлари ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш орқали визуаллаштирилиб, расмий веб-сайтларда реал вақт режимида мунтазам янгилаб борилади.