Юртимизда охирги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти, олиб борилган ушбу ислоҳотлар суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлабгина қолмасдан, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сонли Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ишлаб чиқилди, унга мувофиқ қуйидагилар, яъни:
— “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
— адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;
— фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;
— судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
— судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;
— суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
— судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.
Шу билан бирга 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Қисқа муддатли стратегия ва уни амалга ошириш юзасидан қабул қилинган ҳаракатлар дастури давлатимиз томонидан сўнги йилларда одил судловни амалга оширишни мустаҳкамлаш юзасидан олиб борилаётган ишларни ва қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларини янада мустаҳкамлаб, уларнинг ижросини кенг амалга ошириш учун имкон яратибгина қолмасдан, ушбу қонун ҳужжатлари ижросини самарадорлиги ва натижадорлигини ҳам оширади.
Бу татбиқ этилажак қоидалар келгусида фуқароларни ортиқча оворагарчиликдан озод қилади, қарорларни текширишни янада енгиллаштиради.
У.АХМЕДОВ, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси.