Қашқадарёлик Ф.Тўраева Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига мурожаат қилиб, Бувайда туманида жойлашган савдо дўконидан харид қилинган мебел жамламасидан айримларининг сифатсиз чиққанлиги юзасидан мурожаат қилиб, бу борада ўзининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқаришида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаат тегишлилиги бўйича Бувайда туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши жарёнида, мебел жамламаси тумандаги «Рустам мебеллари» савдо дўконидан 10 млн сўмга харид қилинганлиги, жамламанинг бир қисми сифатсиз материалдан тайёрланганлиги маълум бўлди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи ўзига сотилган тўпламлар, гарнитурлар, комплектлар ва комплексларнинг мустақил таркибий қисми бўлган ва мустақил нархга эга бўлган буюмларда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирда, бутун тўплам, гарнитур, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам ўз қонуний талабларини қўя олади. Истеъмолчининг ушбу ҳолатдаги талаблари эса жамламанинг сифатсиз чиққан таркибий қисми ёки қисмларини алмаштириш, бепул таъмирлаш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш ва бошқа шу каби шаклларда бўлиши мумкин.
Ўрганиш доирасида сотувчига амалдаги қонунчиликнинг юқоридаги талабларини тушунтирилиши билан мебел жамламасининг сифатсиз деб топилган 2 млн сўмга тенг бўлган қисмларини сифатлисига алмаштирилиши ва масалани ҳал этилишига келишилди.