Тўрт нафар фарзанднинг отаси бўлган Д.Х. Қўштепа тумани “Тадбиркорлар палатаси” нодавлат ташкилоти раҳбари лавозимида ишлаган. 40 ёшга киргунча 7 марта судланиб, жазо олишга улгурди. Фарзандлар соғинчи билан оиласидан йироқда яшаган кунлари ҳам унинг кўзини очмади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрь кунги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 4863-сонли Қарори асосида ишлаб чиқилган “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида 2021 йилнинг баҳор фаслида Қўштепа туманида яшаб, тадбиркорлик қилиш истагида юрган ёшлар ўртасида 6 кунлик ўқув-семинарлари ташкил қилинди. Ўқув-семинарларида у ҳам иштирок этди.
Бу семинарда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларга тегишли тартибда 14 фоизли имтиёзли кредит асосида банкдан кредит олиш ҳуқуқи тушунтирилади. “Қаҳрамонимиз” Д.Х 2021 йилнинг март ойида ўқув-семинарлари давомида фуқаро А.Н билан танишиб, унга имтиёзли кредит олиши мумкинлигини айтади. А. Н. эса шартнома учун фирма тополмаётганини маълум қилади.
Д. Х. таъминотчи таниши борлиги ва у А.Нурматовга ёрдам беришини айтиб, ўртада фойдаланмоқчи бўлди. А.Нурматов эса унга аслида товарлар керак эмаслигини, унга пул кераклигини таъкидлайди. Д.Х таниши Ҳамидулло билан ушбу масалада гаплашади. Хамидулло пулни нақдлаштириб бериш эвазига 10 фоизини олиб қолиш шарти билан ёрдам беришга розилик билдиради.
Келишувга кўра, Ҳамидуллонинг “МЧЖ” фирмасидан 30.000.000 сўмлик шартнома расмийлаштирилади. А.Н банк билан шартнома тузиб, юқоридаги фирма билан тузилган шартномаларни топшириб чиққач, орадан таҳминан 1 ой вақт ўтиб, “МЧЖ” фирмаси томонидан А.Н.ни яшаш хонадонига 3 дона тикув машиналари олиб келиб берилади. Бир ҳафтадан сўнг эса банк ходимлари А.Н.ни яшаш хонадонига бориб, мониторинг ўтказади. Орадан яна таҳминан бир ой вақт ўтиб, юқоридаги фирма ҳисобига 12.900.000 сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилади.
Сўнг А.Н маҳсулотларни олиб кетиб, бир донасини унга нотаниш бўлган Андижон шаҳрида яшовчи шахсга 12.000.000 сўмга сотиб юборади. Қолган икки дона тикув машиналарини мазкур фирмага қайтариб беради.
Қилмиш қидирмиш деганларидек, Д.Х.нинг бу галги кирдикори ҳам фош этилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Ҳамда унга нисбатан суд тегишли жазо қўллади.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилмасдан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддаси 8-қисмига асосан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2022 йил 8 июлдаги ҳукмига кўра, тайинланган жазони қисман қўшиб, узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
А.ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси