Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг маънавий, маданий мерос, миллий тафаккур, муқаддас қадриятлар ва кўп даврли ўзбек давлатчилиги тажрибаси ҳамда ҳуқуқий анъаналарига асосланган ва бу ижобий ютуқларини ўзида акс эттирган.
Конституция ўзида инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик ва тараққиёт тамойилларини ифодалайди. Ўзбекистон Конституцияси яратилишида энг ривожланган, тараққий этган демократик давлатларнинг тарихий тажрибаси ва жаҳоннинг конституциявий амалиётини инобатга олинган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига ва ўзбек халқининг бой тарихий тажрибасига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.
Шунга қарамай, ҳали олдинда ўз ечимини топиши зарур бўлган қатор муаммолар мавжуд бўлиб, ижтимоий, иқтисодий ривожланишни, халқ манфаатларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш, жумладан, халқаро ҳуқуқнинг эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган, миллий манфаатларимизни кўзлаган ҳолда халқаро ҳамжамият билан ўзаро тенглик асосида сиёсий, иқтисодий, маънавий, технологик ва маданий ҳамкорлик қилиш, халқаро муносабатларда тўла ҳуқуқли аъзо сифатида ҳар томонлама шериклик қилиш, миллий ҳуқуқ тизимимизни халқаро ҳуқуқ талаблари даражасида янада ривожлантириш зарурияти туғилди.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Коституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Хусусан, мазкур қонун билан Конституциямизнинг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
1-модда қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
1-модда. Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади»;
13 ва 14-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
13-модда. Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг маъносини, мазмунини ва қўлланилишини, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини белгилайди.
Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.
15-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда:
«Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади»;
16-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
«Ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принципларга ва қоидаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас»;
17-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилмоқда:
«Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсатини олиб боради»;
18-модда қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан тўлдирилмоқда:
«Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига биноан ҳамда мазкур Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсоннинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмасдир ва улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади»;
20-модда қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
20-модда. Фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада чекланиши мумкин»;
22-модда қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
22-модда. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади»;
24-модда қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
24-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.
Қуйидаги мазмундаги 261 ва 262-моддалар билан тўлдирилмоқда:
261-модда. Ҳар бир шахс адвокат ёрдамидан ўз танловига кўра ҳамда жиноят процессининг ҳар қандай босқичида фойдаланиш, шахс ушлаб турилганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, ўзига қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштирилиш, ўз фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларнинг чақиртирилиши ҳуқуқига эга. Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ҳуқуқбузарликлардан ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга одил судловдан фойдалана олишини ва етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлайди.
Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
262-модда. Ҳеч ким айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Ҳеч бир шахс содир этилган пайтда ҳуқуқбузарлик деб топилмаган қилмиш учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Қилмиш учун жазони истисно этадиган ёки енгиллаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга. Жавобгарликни белгилайдиган ёки оғирлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.
Ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас»;
27-модда. Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар бир шахс ёзишмаларни, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни, почта-телеграф жўнатмаларини ҳамда бошқа хабарларни амалга ошириш эркинлиги ва уларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди.
Ҳеч ким шахснинг уй-жойига ёки бошқа мол-мулкига қонунда назарда тутилганидан бошқача ҳолда ва тартибда киришга, тинтув ўтказишни ёки кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли эмас.
32-модда қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
«32-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати йўли билан амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади. Фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг ўзига хос тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ҳамда анъаналардан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда ва қонун доирасида ҳал этиш ҳуқуқи ҳамда уни амалга ошира олиш қобилияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши деб эътироф этилади»;
Қуйидаги мазмундаги 401-модда билан тўлдирилмоқда:
401-модда. Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга»;
Қуйидаги мазмундаги 411-модда билан тўлдирилмоқда:
411-модда. Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга. Давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашади»;
111-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир»;
112-модда биринчи қисмидаги «одил судловни амалга ошириш борасидаги» деган сўзлар чиқариб ташланиб, қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда.
«Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин»;
116-модда қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:
116-модда. Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади.
Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади.
Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди»;
127-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда:
«Ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу моддаси иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас».
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 4 июлдаги 2270-IV-сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддаларини ўзгаришсиз қолдириб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Ҳар қандай лойиҳа муҳокамалар, мунозаралар, жиддий фикр алмашинувидан ўтиши мақсадга мувофиқ. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳаси ҳам халқ муҳокамасидан ўтувчи асосий ҳужжат. Ҳозирда фуқаролардан келиб тушаётган таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини муҳокама қилиш муддати узайтирилди.
Дониёрхўжа Махаматов, Фарғона вилоят маъмурий суди раиси