БОЛАСИНИ СОТГАН ОНАГА ТАЙИНЛАНГАН ЖАЗО

Яқинда 2021 йилнинг 21 сентябрь куни ўз боласини сотган аёл – Г.Бадалова (исм-шарифи ўзгартирилган)га суд ҳукми ўқилди. Она номига доғ тушираётган аёлларга, хотин-қизларимизга аслида фарзанд нима учун керак? Нахотки улар ўз жигарбандига шундай амални раво кўрса?

Судланувчи Г.Бадалова, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги аён бўлган, 2016 йил 13 июлда туғилган фарзанди М.Бадаловни 5.000 АҚШ долларига сотган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Судда Г.Бадалова айбига тўлиқ иқрор бўлиб, оилавий шароити оғирлиги, фарзандини боқишга қийналаётганлигини айтиб, танишлари М.Халилова ва Н.Акбароваларга фарзандини 5000 АҚШ долларига сотиб юборишини айтгани, шунда таниши М.Халилова бир таниши фарзандсизликдан қийналаётганини, унга таклиф қилса фарзандини 5000 АҚШ долларига сотиб олиши мумкинлигини айтиб, 2021 йил 7 июль куни соат 17-00 лар атрофида уни олдига М.Халилова бир аёл билан бирга келиб, келгусида даъво қилмаслик шарти билан 5000 АҚШ долларига фарзандини сотиб юборган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлар томонидан ушланган. Г.Бадалова қилган ишидан пушаймон бўлган бўлса-да, унга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Ҳукмга кўра, Г.Бадалова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бурхонжон Мамажонов, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг судьяси