ФИРИБГАРНИНГ НАФСИ ЗУЛМАТГА ЕТАКЛАДИ

Наманган вилояти, Уйчи туманида яшовчи фуқаро Мақсудбек Аъзамов (исм фамилиялар ўзгартирилди) ўзини ҳожатбарор, одамлар мушкулини осон қилаётгандек кўрсатиб, фирибгарлик ниқоби остига беркинди. Ўз нафси йўлида ҳар қандай тубанликдан қайтмади.

2021 йилнинг апрель ойида таниши Азамат Аҳмедов унга кредит олаётгани учун таъминотчи кераклиги ҳақида айтиб қолди ва ёрдам сўради. Аслида, айнан шундай инсонларни излаб юрувчи Мақсудбек Аъзамовга бу қўл келди. Унга давлатимиз томонидан аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида ажратилаётган мақсадли кредит олишга ёрдам беришини айтди. Яъни қорамол учун 60.000.000 сўм кредит олиб берди. Шартномага асосан берилган 3 бош қорамолларни Азамат Аҳмедов қабул қилиб олди.

Азамат Аҳмедов Мақсудбек Аъзамовдан аввал берган ваъдасини бажаришни илтимос қилиб, ушбу қорамолларни пуллашга ёрдам беришини сўради. Мақсудбек Аъзамов дарров 3 бош қорамолни 54.000.000 сўмга баҳолаб, 4.800.000 сўм пулни бериб, қолган пулларни 10 кунда беришини айтди ва, қорамолларни олиб кетди. Шу куннинг ўзида ўзидан “тадбиркор” ясаб олган Мақсудбек Аъзамов қорамолларни 30.000.000 сўмга сотиб юборди. Ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди. Келишилган муддат келганида эса турли баҳоналар билан Азамат Аҳмедовни алдаб келди. Ҳақиқатдан алданиб қолганини сезган Азамат Аҳмедов ушбу масала юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилди.

Бўлиб ўтган Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг 2021 йил 7 декабрдаги ҳукмига кўра, Мақсудбек Аъзамов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Ҳамда унга нисбатан 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, қопланмаган 49.200.000 сўм зарар ундириш белгиланиб, зарарни ундириш учун ижро ҳужжатлари тегишли мажбурий ижро бюросига юборилди.

Юқоридаги ҳолат ҳар биримизда такрорланмаслиги учун ўзимиз қонунларга риоя қилишимиз, ҳар қандай қонунчиликни четлаб ўтиш оғир оқибатларга олиб келишини билганимиз ҳолда, ният ва мақсадимизни тўғри йўлда сарф қилишимиз зарур.

Сардорбек АБДУСАТТОРОВ, Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг раиси

Маъруфа СОЛИЕВА, мухбир