Европа Иттифоқи ташкилоти томонидан молиялаштирилган аҳоли ўртасида медиасаводхонликни ошириш бўйича медиалойиҳалардан бири “Ўсмир-ёшлар учун медиасаводхонлик дарслари”нинг илк машғулоти бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа муаллифи ЖҚТМ медиатренери, журналист Муҳайё Саидова машғулотни Тошкент шаҳридаги Шайхонтохур туманининг 314-сонли умумтаълим мактабида юқори синф ўқувчлари учун ташкил этди.
Ушбу машғулот мазмун-моҳияти ўсмир-ёшларнинг медиасаводхонлигини оширишга, ахборот асрининг замонавий техника ва технологияларидан унумли хамда самарали фойдаланишларига, ахборот майдонларининг турлари, баъзи ахборотнинг хатарли таъсиридан ҳимояланиш кўникмаларини шахсий тажрибада шакллантиришга қаратилган. Уч соатлик машғулотда медиа-тренер ўқувчи-ёшларга “Медиа нима”, “СПАМ ва унинг хатарлари” каби сессиялари, “Коммуникация”, “Бу дарахтда қай бири менман?” номли интерактив машқлар, “Мобил қурилмада сифатли суратга олишни ўрганамиз” номли амалий дарсларни ўтиб, уларни қизиқтирган барча саволларига жавоб берди.
Мазкур лойиҳа шаҳримизнинг бошқа мактабларида давом этади. Ўсмир-ёшлар учун медиасаводхонлик дарслари доирасида Тошкент шаҳри бўйича 60 нафар тингловчини қамраб олиши режалаштирилган. Илк машғулотда 20 нафар ўқувчи иштирок этди. Юртимизда кечаётган пандемия шароити сабабли карантин талабларига риоя қилиш мақсадида тингловчилар аудиторияси 20 кишидан ортмаслиги лозим. Келгуси режада яна икки мактаб ва 40 нафар тингловчини медиасаводхонлик дарсларига жалб этиш мақсад қилиб олинган.
— Медиалойиҳани бундан уч йил аввал Эдьютон-2018 танловида хорижлик медиамутахассисларидан иборат халқаро ҳайъатга тақдимот этганман. Аммо баъзи жузъий камчиликлари сабаб грант юта олмаган эдим. Лекин онлайн ташкил этилган Эдьютон-2021 танловида яна шу лойиҳамнинг мукаммал тўлдирилган тарзда халқаро ҳайъат аъзоларига тақдим этганимда у кўпчиликка маъқул келди ва ушбу лойиҳани тадбиқ этишим учун менга стипендия тўлови ажратдилар. Юртимизда кечаётган карантин вазияти сабабли лойиҳа барча вилоятларни қамраб олиш имкониятидан маҳрум бўлди. Лекин шунга қарамай Ўзбекистон бўйича жами 120 нафар тингловчини мазкур лойиҳага жалб этиш имкониятига эга бўлдик. Медиалойиҳага хаммуаллиф олдим, у фарғоналик журналист, Эдьютон-2021 танловининг илк иштирокчиси Шарифа Мадраҳимовадир. Шу билан 120 нафар тингловчидан 60 нафарини Фарғона вилоятидан танлаб олиш имкониятини яратдик. Айни пайтда Фарғона вилоятида лойиҳа бўйича ишлар қизғин кечмоқда. Шарифа дастлабки тренингларни ўтказди, — деди медиа-тренер М.Саидова суҳбатда.
Ўсмир-ёшлар учун медиасаводхонлик дарслари давом этади. Режадаги умумий ҳисоб бўйича тўртта мактаб – Тошкентда 2 та, Фарғонада 2 та умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари медиасаводхонлигини ошириш ишлари кутмоқда. Медиасаводхонлик мавзусига бағишланган мазкур лойиҳа муваффақият билан якун топишини тилаб қоламиз.