Коррупция инсон онгига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардан бири ҳисобланади. Таҳлилларга кўра, ҳар йили коррупция ҳолати2,6 трлн.доллар зарар келтирар экан. Дунёдаги коррупцион ҳолатни ўрганувчи Халқаро ташкилот томонидан олиб борилган кузатувлар натижасига кўра, Ўзбекистон охирги 3 йил ичида 12 поғонага кўтарилган.
Сўнгги вақтларда мамлакатимизда коррупцияни олдини олиш, уни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш борасида ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Зеро, коррупция нафақат мамлакатнинг ички ҳаёти, балки, халқаро миқёсдаги обрўсига путур етишига омил бўлади.
Бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу иллатни олиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ қатор ҳолатлар аниқланиб, уларни содир этган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланмоқда.
Жиноят ишлари бўйича вилоят судида ана шундай ноқонуний ҳатти-ҳаракат содир этган шахс устидан ҳукм ўқилди. Фарғона шаҳридаги 61-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳамшира бўлиб ишлаб келган Ш. У. фуқаро М.Б.нинг фарзандини ушбу муассасага тарбияланувчи сифатида олиб кириб қўйиш эвазига 200 АҚШ доллари бериш кераклигини айтади. 2019 йил 29 октябрь куни ИЖҚҚДнинг Фарғона вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ш. У. хизмат хонасида М. Ботировадан кимёвий ишлов берилган 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритаётган вақтда қўлга олинади.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 10 февраль кунги ҳукмига кўра судланувчи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми, 45-моддаси қўлланилиб, 1 йил моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва иш ҳақининг ўн фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Халқимизда “қилмиш-қидирмиш” деган нақл бор. Бугун ҳамшира нафақат қариндош-уруғлари, балки, қўни-қўшнилар олдида боши эгилди. Зеро, у ўз қилмидан пушаймон бўлса ажаб эмас.
Т. Ваҳобов, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси.