ОИВ инфекцияси: бефарқликка ўрин йўқ!

Фарғона вилояти ОИТСга қарши курашиш марказида ОИВ инфекциясининг олдини олиш, аҳоли ўртасида тиббий билим ва маданиятни ошириш, касалликни эрта аниқлаш ҳамда ОИВ билан яшаётган инсонларга нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда ОИВ инфекцияси нафақат тиббий, балки муҳим ижтимоий муаммо экани таъкидланиб, унинг тарқалишининг олдини олишда ҳар бир инсоннинг масъулияти муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамалар давомида келтирилган маълумотларга кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига дунё бўйича ОИВ билан яшаётганлар сони 40,8 миллион нафарни ташкил этган. Ўзбекистонда эса мазкур инфекция билан яшаётган шахслар сони 45 минг нафардан ошган.

Фарғона вилоятида касаллик қайд этила бошланган даврдан 2026 йил 1 январга қадар жами 6 793 нафар шахсда ОИВ инфекцияси аниқланган. Айни вақтда вилоятда 4 698 нафар шахс ушбу инфекция билан яшамоқда. Уларнинг 2 636 нафари эркаклар, 2 062 нафари аёллар бўлиб, 127 нафарини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Алоҳида таъкидланганидек, вилоятда кейинги йилларда ОИВ инфекциясининг жинсий алоқа орқали юқиши етакчи ўринни эгалламоқда. Агар 2020 йилда бу кўрсаткич 71,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 78,5 фоизга етган. 2025 йилда 377 нафар шахсда, 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида эса 270 нафар шахсда инфекция қайд этилган.

Давра суҳбатида ОИВ инфекциясининг юқиш йўллари ва унинг олдини олиш чоралари ҳам тушунтирилди. Жумладан, инфекция ҳимояланмаган жинсий алоқа, зарарланган қон, стерил бўлмаган тиббий асбоблар орқали, шунингдек, ОИВ билан яшаётган онадан болага ҳомиладорлик, туғруқ ва эмизиш даврида юқиши мумкинлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, ОИВ қўл бериб кўришиш, қучоқлашиш, бирга овқатланиш, умумий идиш-товоқдан фойдаланиш ёки ҳашаротлар чақиши орқали юқмаслиги алоҳида тушунтирилди. Бу каби маълумотлар аҳоли ўртасидаги асоссиз қўрқув ва нотўғри қарашларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Мутахассислар профилактика мақсадида хавфсиз хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш, бир марталик ва стерил тиббий асбоблардан фойдаланиш, зарур ҳолларда ОИВга ихтиёрий ва махфий тест топшириш, ҳомиладорлик даврида текширувдан ўтиш зарурлигини таъкидладилар.

Замонавий антиретровирус даволаш усуллари ОИВ билан яшаётган инсонларга узоқ ва сифатли ҳаёт кечириш имконини беради. Даволашни ўз вақтида бошлаш ва узлуксиз давом эттириш саломатликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбатида масаланинг яна бир муҳим жиҳати — ОИВ билан яшаётган инсонларга нисбатан камситиш, ажратиш ва салбий муносабатга йўл қўймаслик масаласига ҳам эътибор қаратилди. Зеро, улар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, ОИВ инфекциясига қарши курашиш фақат тиббиёт ходимларининг вазифаси эмас. Бу оила, маҳалла, жамоат ташкилотлари ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Аҳоли ўртасида тўғри маълумотларни тарқатиш, профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали ушбу хавфнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшиш мумкин.

Унутманг: ўз вақтида текширувдан ўтиш, тўғри маълумотга эга бўлиш ва профилактика қоидаларига амал қилиш — саломатлик ва ҳаётни асрашнинг муҳим кафолатидир!