Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи шахс махсус марказга олти ойгача муддатга жойлаштирилиши мумкин бўлади. Илгари бу муддат 30 кунни ташкил этарди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бу ўзгариш кўзда тутилган қонун Сенатнинг 9 июлдаги ялпи мажлисида маъқулланганди.
“Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқ қилиб белгиланмоқда.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун қатор енгилликлар жорий этилмоқда. Жумладан, улар йўқотилган биометрик паспорт ўрнига янги паспорт олиш, никоҳ тузилганлиги ёки туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома расмийлаштиришда давлат божини тўлашдан озод этилмоқда.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.