Хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузиб, тўловни бошқа фирма ёки воситачилар ҳисоб рақамига ўтказмаслиги керак. Бу ҳақда Миграция агентлиги огоҳлантирди.
Агентлик маълумотига кўра, бугунги кунда айрим фуқаролар лицензияга эга хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузган бўлса-да, тўловни бошқа ташкилот ёки жисмоний шахс ҳисобига амалга оширмоқда. Бундай ҳолатларда кейинчалик муаммо юзага келса, фуқаролар ҳуқуқий ҳимоясиз қолиши мумкин.
Қайд этилишича, чет элга ишга жойлаштириш фаолияти учун берилган лицензия фақат муайян ташкилотга тегишли бўлади ва бошқа фирма ёки консалтинг хизматларига татбиқ этилмайди. Шу сабабли шартномадаги ташкилот номи билан тўлов қабул қилувчининг номи бир хил бўлиши лозим.
Миграция агентлиги фуқароларни нақд пул бериш, жисмоний шахсларнинг пластик карталарига маблағ ўтказиш ёки “консалтинг хизмати” номи остида бошқа фирмаларга пул тўлашдан огоҳлантирди. Тўлов фақат хусусий бандлик агентлигининг махсус депозит ҳисоб рақамига амалга оширилиши кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, хорижга ишга кетишдан олдин агентлик лицензиясини QR-код орқали текшириш, шартнома ва тўлов ҳужжатларидаги маълумотларни солиштириш ҳамда барча чек, ҳужжат ва ёзишмаларни сақлаб қўйиш тавсия этилди.
Миграция агентлиги фақат лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан назорат олиб боради. Консалтинг ёки бошқа воситачи фирмалар билан боғлиқ низолар юзага келган тақдирда эса фуқаролар ички ишлар органларига мурожаат қилиши кераклиги қайд этилди.