Ўзбекистоннинг киберхавфсизлик стратегияси ишлаб чиқилди

Президентнинг 10.03.2026 йилдаги ПФ-38-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегияси ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш йўналишлари тасдиқланди.

Мақсадлар:

• миллий кибербарқарорликни мустаҳкамлаш, муҳим ахборот ва давлат рақамли инфратузилмасини ҳимоя қилиш;

• киберхавфларни тизимли равишда камайтириш ва фуқаролар, хусусий сектор ва давлатнинг рақамли хавфсизлиги даражасини ошириш;

• кибержиноятчиликка қарши фаол курашиш;

• рақамли инновациялар, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва киберхавфсизлик соҳасида технологик мустақилликни мустаҳкамлаш;

• халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кибермаконни глобал тартибга солиш жараёнларида иштирок этиш.

Вазифалар:

• кибертаҳдидларга жавоб бериш миллий марказлари ва уларни эрта аниқлаш тизимларини яратиш, шунингдек, кибертаҳдидлар тўғрисида тезкор маълумот алмашиш;

• рақамли идентификация, аутентификатсия ва фойдаланишни бошқариш миллий инфратузилмасини, шунингдек, маҳаллий дастурий ва аппарат ечимларини ривожлантириш;

• маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва стандартларни жорий этиш;

• рақамли криминалистика имкониятларини ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ихтисослаштирилган бўлинмалари салоҳиятини кенгайтириш;

• халқаро кибертаълим, келишувлар ва киберинцидентлар бўйича қўшма текширувларда иштирок этиш. 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

• 2026-2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегияси;

• 2026-2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси.»

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмалари негизида амалдаги штат бирликлари доирасида камида 4 та штат бирлигидан иборат Киберхавфсизликни таъминлаш бўлимлари ташкил этилади. 

Давлат органлари ва ташкилотларида ҳам амалдаги штат бирликлари доирасида тегишли бўлинмалар (рўйхат бўйича) ташкил этилади. Қолган давлат органлари ва ташкилотлари фақат киберхавфсизликни таъминлаш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар реестрига киритилган юридик шахслар хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби раислигида Киберхавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича миллий мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, муҳим ахборот инфратузилмаси субъектларининг ахборот тизимлари ва ресурсларининг киберхавфсизлик билан боғлиқ заиф томонлари ва камчиликларини аниқлаш бўйича танловларни махсус электрон платформада ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.03.2026 йилдан кучга кирди.