Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Тўраобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи О.Ў.нинг шу йил август ойида туман марказидаги савдо дўконларининг биридан 1 300 000 сўмга харид қилинган телефоннинг нуқсонли чиққанлиги ва уни мақбул сифатдагисига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилиши сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, Tecno Spark русумидаги телефон аппарати харид қилинганидан бир неча кун ўтиб экран сенсорида муаммолар кузатилган. Сотувчига қайтариб олиб келинганида эса у ер бу ерини кўрикдан ўтказилиб, созланди деб истеъмолчига қайтариб берилган. Лекин бу билан техник носозлик барибир ҳал бўлмаган. Сотувчи ҳузурига яна қайтиб келган истеъмолчи бу сафар уни бошқасига алмаштириш ёки пулини қайтариш талабини қўйган. Сотувчи эса телефонни қайтариб олишини, лекин қачонки телефон бошқа одамга сотилсагина уни ўрнига бошқасини беришини ёки пулни қайтаришини маълум қилган. Шундан сўнг истеъмолчи ушбу масалада амалий ёрдам сўраб туман жамиятига мурожаат қилган.
Мурожаат туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчи билан учрашилиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари, шунингдек қонун талабларини бажармаслик натижасида келиб чиқувчи оқибатлар тушунтирилди. Ўрганиш ишлари давомида, томонлар ўртасидаги келишувга кўра, нуқсонли телефон аппарати мақбул сифатда бўлган бошқа русумдаги телефон аппаратига алмаштириб берилди.