ТУРИЗМ СОҲАСИДАГИ ИСТИҚБОЛЛИ РЕЖАЛАР

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда туризм ва маданият соҳасини ривожлантириш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан бир қанча Фармон ва Қарорлар имзоланган бўлиб, ҳозирда республика миқёсида уларнинг ижроси жадаллик билан олиб бориляпти.

Жорий йилнинг 18-февралида Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган “Туризм ва маданий мерос вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 135-сонли Қарори ҳам мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Қарорнинг асосий мақсади этиб, туризм ва маданий мерос вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимлари, вилоятлар бош бошқармалари тузилмаси, Низомлари ва лавозим Йўриқномаларини қайта тасдиқлаш, шунингдек, ходимларининг чекланган сонини белгилаш каби вазифалар белгилаб қўйилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда ҳам мутасаддилар томонидан Туризм ва маданий мерос бош бошқармасининг Низоми ва лавозим Йўриқномаси ишлаб чиқилиб, давлат хизматлари агентлиги рўйхатидан ўтказишга эришилди. Ташкилотнинг муҳр ва тамғаси янгиланиб, йиллик ҳаражатлар сметаси тасдиқланди. Айни кунларда бош бошқармани аппарат ходимларини лавозимга тайинлаш ишлари олиб борилмоқда.

Туризм ва спорт бошқармасида ишлаётган ходимлар ўзларининг аризаларига мувофиқ Туризм ва маданий мерос бош бошқармасига ишга ўтказилди.

Бундан ташқари, бошқарма ходимлари Сайёҳлар оқими кўп бўлган – Қўқон ва Марғилон шаҳарлари, Фарғона, Риштон ва Сўх тумани учун ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда ходимларни ишга жалб қилишни режалаштиришган.

Мутасаддилар, янги ташкил этилаётган туризм қишлоқларининг (Аввал, Водил ва Қизилтепа ) инфратузилмасини яхшилаш, сайёҳлар учун зарурий шарт-шаротилар яратиш, уларга хизмат кўрсатиш савиясини ошириш каби долзарб вазифаларни бажаришни ўз олдига мақсад қилиб олишган.

“Водий халқаси” номли электропоезд ва автобус қатновини ишга солиш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб, бунда Қўқон, Наманган, Андижон, Марғилон ва Фарғона шаҳарларини боғлаб турувчи янги маршрут ташкилланади.

Шоҳимардон қишлоғига дам олишга бораётган ҳамюртлармиз учун қўшни Қирғизистон ҳукумати билан, хусусан, Боткен вилояти раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишувларга эришилган. Ўтган йилда бир неча марта ўзаро учрашиб сайёҳлар учун янги йўналишлар очиш ҳақида музоракарлар қилинган.

«Сўх тумани ўзининг географик жойлашиши билан анчадан буён эътибордан четда қолаётган эди. Риштон туманидан ўтаётган қисқа йўл орқали Сўх туманига қатновлар амалга оширилган. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Сўхга самолёт қатнови йўлга қўйилди. Тўғри, хали бу қатнов у қадар оммалашгани йўқ. Лекин, Ўзбекистонга келган чет эллик сайёҳ ушбу транспорт орқали бемалол Сўхга бориб келиши мумкин. Бунинг устига Сўх аэродромининг ўзи лавандазорга айлантирилмоқда. 1,5 минг гектардаги бу маскан май-июнь ойларида ажойиб манзара касб этади»,- дейди бугунги ўтказилган Брифинг чоғида вилоят ҳокими ўринбосари, туризм ва маданият бошқармаси бошлиғи Хуршиджон Ахмедов.

Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ўтказилади. 2022 йил сентябрь ойида навбатдаги – иккинчи фестиваль ўтказилишига тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Унда 100 га яқин мамлакатлардан ҳунармандлар келиши кутилмоқда. Бу албатта жуда катта ва машаққатли иш. Асосий тадбирлар Қўқон шаҳрида ўтказилса-да, Марғилон шаҳри ва Риштон туманида ҳам бир неча тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, вилоятимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳавас қилса арзигулик даражада олиб бориляпти.

Маъруфа СОЛИЕВА