Давлат меҳнат инспекцияси Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга ҳам, босимга ҳам йўл қўйилмаслигидан огоҳлантирди.
Инспекция матбуот хизматининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларда ходимларни иш вақтидан ташқари, шунингдек, дам олиш кунларида турли топшириқларни бажаришга мажбуран жалб этиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Давлат меҳнат инспекцияси мажбурий меҳнат қонунчилик билан тақиқланганини, ходимни жазо ёки босим таҳдиди остида, унинг розилигисиз меҳнатга мажбурлашга йўл қўйилмаслигини билдирди.
Шунингдек, “Ижтимоий реестр”даги фуқароларни асоссиз ёки мажбуран реестрдан чиқариш ҳолатлари ҳам кузатилаётган бўлиб, инспекция бу фуқароларнинг давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя ва кўмаклардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилди.
“Унутманг! Ҳеч қандай топшириқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ёки фуқаронинг ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди”, дейилади Давлат меҳнат инспекцияси матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, мурожаатлар ўрганилиб, ҳолатлар тасдиқланган тақдирда, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Ҳудудлардаги раҳбарларга ҳам бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли огоҳлантириш юборилади.