Ҳукуматнинг жорий йил 16 июлдаги 389-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига қўшимча киритилди.

Унга кўра, “Жисмоний шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун электрон мурожаат юбориш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентга асосан, фуқаролар солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун электрон солиқ хизматлари портали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ( my.gov.uz ) орқали мурожаат юбориши мумкин.

Келиб тушган маълумотларни солиқ органининг масъул ходими 2 иш куни ичида мавжуд базалар асосида ўрганиб чиқади ҳамда имтиёзни қўллаш ёки рад этиш тўғрисида хулоса расмийлаштиради. Ушбу хулоса 1 иш куни давомида фуқаронинг шахсий кабинетига юборилади.

Агар мурожаат рад этилса, жисмоний шахс асос бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Қайта юборилган мурожаатлар регламент талаблари асосида такроран кўриб чиқилади.