2026-йил 4-март куни Фарғона вилоятида “Ҳудудларда фуқаролик жамияти институтларини салоҳиятини ошириш: муаммо ва истиқболлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир “Юксалиш” ҳаракати томонидан Швейцария Тараққиёт ва Ҳамкорлик Агентлиги (SDC) Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролик жамиятини мустақкамлаш ва мулоқот платформаларини яратиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Давра суҳбати ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш ва унинг институционал барқарорлигини мустаҳкамлаш масаласининг долзарблигига бағишланди.
Муҳокамалар жараёнида жойларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик тузилмаларининг фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ташкилий, молиявий ва бошқарув салоҳиятини кучайтириш, давлат органлари билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида ҳудудларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир доирасида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясини 2026-йил учун амалга ошириш юзасидан таклифлар эшитилди. Шунингдек, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, институционал ривожланишни таъминлаш, ҳудудий даражада барқарор мулоқот платформаларини шакллантириш ҳамда “учинчи сектор»нинг жамият тараққиётидаги ролини кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилди.
Давра суҳбати давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ ва конструктив мулоқот шаклида ўтказилди.