«Расмий статистика тўғрисида»ги янги қонун нимаси билан муҳим?

Фарғона вилоят статистика бошқармаси томонидан ташкилланган навбатдаги матбуот анжумани Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 11 августдаги «Расмий статистика тўғрисида»ги ЎРҚ-707-сон қонуни мазмун-моҳиятига бағишланди.

Жами 7 та боб ва 44 та моддадан иборат мазкур қонун қабул қилиниши билан мамлакатимизда амалда бўлиб келган «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонун (12 декабрь 2002 й 441-II-сон) ўз кучини йўқотган.

Мутахассисларни таъкидлашларича, янги қонунни ишлаб чиқилиши жараёнида хориж давлатларининг бу борадаги тажрибаси, хусусан МДҲ, Осиё ва Европа давлатларининг қонунчиликлари ўрганилган, қонун нормаларини ишлаб чиқишда бугунги кун талаблари ва халқаро андозалар талаблари инобатга олинган.

Агар эски қонунда статистик маълумотлар деганда фақатгина бу борада ваколатли орган ҳисобланган Давлат статистика қўмитаси томонидан тайёрланган маълумотлар англашилган бўлса, янги қонунда миллий статистика тизимининг бир қисми бўлган, статистика маълумотларини расмий статистика соҳасидаги статистика дастурларига мувофиқ тайёрлайдиган давлат бошқаруви органи ва (ёки) унинг бўлинмалари бўлган расмий статискани тайёрловчилар ҳам назарда тутилган. Бугунги кунда миллий статистика тизими субъектлари сифатида расмий статистика маълумотларини тайёрлашда бевосита иштирок этувчи 30 дан зиёд давлат бошқаруви органлари мавжуд бўлиб, мазкур тизим фаолиятини самарали мувофиқлаштириб бориш мақсадида Давлат статистика қўмитаси ваколатли орган сифатида белгиланибди.

Қонуннинг 12-моддасида, Давлат статистика органлари расмий статистиканинг асосий тайёрловчиларидир, дейилади. Статистика дастурларига расмий статистикани тайёрловчилар сифатида киритилган давлат бошқаруви органлари эса расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларидир. Расмий статистикани тайёрловчилар ушбу Қонунга ва статистика дастурларига мувофиқ расмий статистикани тайёрлашни, тарқатишни ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Яна шуни алоҳида эътироф этиб ўтиш керакки, янги қонунда Давлат статистика органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилиши баробарида, расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларининг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи нормалар киритилган.

Шу ўринда, янги қонунда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, юридик шахсларга таалуқли маълумотлардан, шунингдек индивидуал маълумотлардан фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаб ўтиш зарур.