Ходимнинг ишга бўлган муносабати ва бошқа факторларни инобатга олган ҳолда ўтган даврлар учун устама ҳисобланиши мумкинми?

CАВОЛ:

Корхонада Қурбон Хайити муносабати билан ходимларга бир лавозим оклади миқдорида байрам пули ажратиш тўғрисида 16.08.2018 йилда қарор чиқарилган. Байрам пулини ҳисоблашда ходимларнинг шахсий устамаси ҳам ҳисобга олинади. Байрам пули ҳисобланаётганда бир ходимнинг шахсий устамаси мавжуд эмасди. Раҳбарият 27.08.2018 йилда ушбу ходимга »16.08.2018 йилдан бошлаб шахсий устама ўрнатилиши» ҳақида қарор чикарди. Байрам пули ҳисобланган кунда ушбу ходимнинг ҳақиқатда устамаси ҳали мавжуд эмас эди.

А. Исмоилов, Наманган шаҳри.

ЖАВОБ:

Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади (МКнинг 153-м. 2-қ.).

Ходимларнинг ойлик маошига устама белгилаш масаласи ҳам корхонанинг локал ҳужжатлари билан тартибга солиниши керак.

Фуқаролик кодексида фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади, деб белгиланган (4-м.).

Локал ҳужжатларининг орқага қайтиш кучига эга эканлиги ёки эмаслиги хеч қайси норматив-ҳуқуқий актда белигилаб берилмаган. Бироқ, фикримизча, корхонанинг локал ҳужжатлари (буйруқ, қарор) орқага қайтиш кучига эга бўлмаслиги керак.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.