Миллат генофондига дахлдор масала унга панжа орасидан қараб бўлмайди

Ўз миллатининг генофонди ҳақидага қайғурган халқ биринчи навбатда оналар ва болаларнинг саломатлигига, соғлом фарзанд дунёга келишига ғамхўрлик қилади. Биз одатда юртимизда оилалар саломатлигини, оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиляпти, дея мақтанишни яхши кўрамиз. Бунга эса, соғлом болалар туғилиши, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган замонавий перинатал марказлар ҳамда “Она ва бола скрининг” марказлари фаолияти такомиллаштирилаётгани, туғма ва ирсий касалликларни ташхислаш, даволаш ва улар профилактикасининг замонавий усуллари жорий этилаётгани билан далиллаймиз.

Бироқ амалда ҳам шундайми? Чекка-чекка туманлар, олис ҳудудларимизда аҳвол рисоладагидекми? Бу борада қандай муаммо ва камчиликлар бор?

2018 йил 4 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг «Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилиши асносида шу саволларга жавоб қидирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли тиббиёт муассасалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳакамаси ҳузуридаги “Оила” илмий тадқиқот маркази вакиллари қатнашган тадбир аввалида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги “2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, ҳамда 2017 йил 25 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури” бу борада муҳим ҳуқуқий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида, республика ва минтақавий “Она ва бола скрининг” марказлари томонидан 214 минг 237 нафар хавфли гуруҳга кирувчи ҳомиладорлар текширилган. Уларнинг 3391 нафарида ривожланишида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган ҳомила аниқлангани боис ҳомиладорликни вақтидан олдин тўхтатиш тавсия қилиниб, ногирон болалар туғилишининг олди олинган.

Бундан ташқари, 238 мингдан ортиқ чақалоқлар гипотиреоз ва фенилкетонурия каби туғма ва ирсий касалликлар юзасидан текширилиб, касаллик аниқланган болалар давлат томонидан бепул дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминланмоқда.

Вазир ўринбосари таъкидлашича, барча ҳудудлардаги кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларида аёллар маслаҳатхоналари ташкил этилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида қизлар саломатлиги марказлари фаолият юрита бошлади. Туман (шаҳар) кўп тармоқли туман поликлиникаларида ҳомиладорларни бирламчи скринингдан ўтказиш учун перинатал ташхис хоналари ташкил этилган. Айни пайтда улар УТТ аппарати билан таъминланиши кутилмоқда.

Эшитув чоғида миллат генофондини асраш, соғлом авлодни вояга етказишга қаратилган бу каби қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, соҳада бир қанча камчиликлар ҳам мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан вақтида ўтмаётган ҳолатлар кўпаймоқда.

Республика бўйича оналар ўлими 0,9 промиллега камайган бир вақтда Навоий, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бу кўрсаткич юқорилигича қолмоқда. Гўдаклар ўлими интенсив кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан республикада 9,7 промиллега камайган. Аммо, Андижон ва Хоразм вилоятларида бу кўрсаткич ўзгармай қолмоқда.

Тадбирда амбулатор-поликлиника муассасалари билан туғруққа ёрдамлашиш муассасалари ўртасида интеграция етарли йўлга қўйилмаганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, аёллар маслаҳатхоналаридан ҳомиладорларни туғруқ учун аёл ёки ҳомиланинг саломатлик даражасига кўра тўғри йўналтирилмаслиги, туғруқ муассасаларида бунга етарли эътибор қаратилмаслиги, энг ёмони, аҳоли орасида тушунтириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаётгани боис ҳомиладорларнинг аксарияти 2-босқич ёки 3-босқич перинатал марказларига тўғридан-тўғри мурожаат қилаётгани ачинарли ҳол. Бундай вазиятда вилоят перинатал марказлари ва айрим туманлараро перинатал марказларидаги палаталарда қўшимча ўринлар ташкил этишга мажбур бўлинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, оналар ва болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражасининг пасайишига, шунингдек, шифохона ичи инфекциялари келиб чиқишига олиб келиши мумкин.

Депутатларнинг фикрича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун амбулатор-поликлиника муассасалари билан туғруққа ёрдамлашиш муассасаларининг, шунингдек турли босқичдаги туғруққа ёрдамлашиш муассасалари фаолиятини ўзаро интеграциялашган ҳолда олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Эшитув якунида оилалар, оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилиши, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаб, даволаш, болалар ногиронлигини камайтириш, оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш юзасидан билдирилган таклиф- тавсияларни инобатга олган ҳолда, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.