Бош вазир ўринбосари тиббиётда маблағларни тақсимлашдаги коррупция ҳақида маълум қилди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида маблағларни тақсимлашда коррупция кузатилмоқда, дея маълум қилди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Тиббиёт соҳасига жуда кўп маблағ ажратилмоқда. Тақсимлашда кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда, жумладан, коррупция мавжуд», – деди бош вазир ўринбосари Сенатнинг ялпи мажлисида.

2017 йилда соғлиқни сақлашга 6,7 триллион сўм ажратилган. Жорий йилда ушбу соҳани молиялаштириш ҳажми қарийб 40 фоизга ошиб, 10 трлн сўмга етиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, харажатларнинг катта қисми оилавий поликлиникаларга, тез тиббий ёрдам хизматларига ва вилоятлардаги тиббий пунктларга йўналтирилади.