Ўзбекистондаги барча газ қуйиш шохобчалари ва газ-баллонли автомобиллар текширилади

18 сентябрь куни Бухородаги автобус ҳалокати ортидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистондаги барча газ қуйиш шохобчалари ва газ-баллонли автомобиллар текширувдан ўтказилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов икки ой муддатда газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари, табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказилишига масъул этиб тайинланган.

Шунингдек, хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

18 сентябрь куни эрталаб соат 8:30 ларда Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида 26 нафар йўловчиси бўлган автобус газ баллони портлаши натижасида автобус йўловчилари бўлган 4 киши воқеа жойида, 1 киши эса касалхонада вафот этди.

Қоровулбозор туманидаги «Раҳмон Аҳмад» фермер хўжалиги раҳбари Р.Аҳмедов ва Вобкент тумани Хайрободча қишлоғида яшовчи Г.Розиқова қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш учун ташкил қилинган 25 нафар фуқародан иборат мавсумий мадад гуруҳини Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига олиб бораётган пайтда ушбу ҳодиса содир бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Президенти топшириғига биноан вафот этганлар оиласига 10 миллион сўмдан, оғир тан жароҳати олганларга 5 миллион сўмдан ва бошқа жароҳатланганларга 2 миллион сўмдан моддий ёрдам пули ажратилди.