Тиланчилик билан шуғулланганлар жамоат ишларига юборилади ёки қамоққа олинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Жиноят кодексининг 127-моддасига қуйидаги 1-қисмни киритиш таклиф қилинмоқда:

Аэропорт, вокзал, парк, дам олиш масканлари, бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудлари, шунингдек, уларга туташ ҳудудлар, автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, бекатлар, автотранспорт воситалари ўтадиган йўлнинг қатнов қисмлари, маданий ва маънавий мерос объектлари жойлашган ҳудудлар, барча турдаги жамоат транспортлари ва бошқа жамоат жойларида, яъни фаол тарзда пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликларни сўрайдиганлар, худди шундай иш учун маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг амалга оширилса, –

360 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар вояга етмаган шахс иштирокида ёки ундан фойдаланган ҳолда, шунингдек, ёши кекса, руҳий хаста, ногиронлиги бор шахслар, ўзини ногирон қилиб кўрсатган одамлар, ёки мажбуран наркотик ва психотроп моддалар, алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилган, лекин ақлий фаолиятига путур етмаган шахслар томонидан худди шундай иш учун маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг содир этилса, –

360 соатдан 480 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ушбу ҳаракатлар:
а) такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан тил бириктириб ёки хавфли рецидивист томонидан такроран содир этилса
б) бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан тил бириктириб содир этилса;
в) мажбуран наркотик ёки психотроп моддаларни қабул қилиниши таъсирида содир этилса;
г) зўравонлик ёки зўравонлик билан таҳдид қилиш орқали амалга оширилса,
5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддасига қуйидаги 3-қисм киритилиши мумкин:

Аэропорт, вокзал, парк, дам олиш масканлари, бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудлари, шунингдек, уларга туташ ҳудудлар, автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, бекатлар, автотранспорт воситалари ўтадиган йўлнинг қатнов қисмлари, маданий ва маънавий мерос объектлари жойлашган ҳудудлар, барча турдаги жамоат транспортлари ва бошқа жамоат жойларида, яъни фаол тарзда пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликларни сўрайдиганлар, худди шундай иш учун маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг амалга оширилса, –

энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортиш ёки 5 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар вояга етмаган шахс иштирокида ёки ундан фойдаланган ҳолда, шунингдек, ёши кекса, руҳий хаста, ногиронлиги бор шахслар, ўзини ногирон қилиб кўрсатган одамлар, ёки мажбуран наркотик ва психотроп моддалар, алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилган, лекин ақлий фаолиятига путур етмаган шахслар томонидан худди шундай иш учун маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг содир этилса, –

энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортиш ёки 5 суткадан 10 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.

Спиртли ичимликларни, наркотик ёки психотроп бўлмаган, лекин интеллектуал-руҳий фаолиятга таъсир кўрсатадиган моддалар ёки воситаларни истеъмол қилишга мажбурлаш билан бегона кишиларни тиланчиликка жалб қилиш ёки улардан фойдаланиш, –

энг кам иш ҳақининг 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жаримага тортиш ёки 10 суткадан 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.