Қонунларда, аввало, инсон манфаатлари устувор бўлмоғи лозим

Фуқаро табиий газ, электр энергияси ёки бошқа коммунал хизматларнинг биридан, айтайлик, 300 минг сўм миқдорда қарздор бўлиб қолди. Бир қанча жараёндан сўнг қарздорга суд қарори билан қарзни ихтиёрий равишда тўлаш учун муайян муддат белгиланади. Қарздор фуқаро молиявий имкониятлари чеклангани ёхуд бошқа сабабларга кўра, суд қарори ижросини ўз вақтида бажара олмайди. Натижада 300 минг сўмни ўз вақтида тўлай олмаган қарздорга 921 минг дан 1 миллион 843 минг сўм (энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн баравари)гача жарима белгиланади.

Хўш, бу жарима миқдори камми ёки кўп? Ушбу тартибни ўзида акс эттирган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1981-моддаси инсонпарварлик, адолатлилик тамойилига тўлалигича мос, юқоридаги жарима миқдори эса халқимиз эътирозини келтириб чиқармаяпти, дея оламизми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг жорий йил 25 август куни бўлиб ўтган йиғилиши шу каби мулоҳазалар билан бошланди.

Шу боис ҳам фракция аъзоларининг “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981 ва 287-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида» Қонун лойиҳаси юзасидан муҳокамаси қизғин кечди.

Лойиҳага кўра, ижро ҳужжатини ихтиёрий ижро этмаганлик учун жаримани қарздорлик миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгилаш назарда тутилмоқда. Яъни, камроқ миқдордаги (энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача ёки унга тенг бўлган миқдордаги сумма) қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра бажармаслик, камроқ (фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 5 бараваридан 10 бараваригача) миқдордаги жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Худди шундай ҳолатда қарз энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кўп бўлган миқдорда бўлса, жарима ҳам мос равишда фуқароларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда этиб белгиланмоқда.

Бу эса, партия дастурий мақсадининг асоси ҳисобланган “Адолат ҳар бир инсон учун” тамойилига ҳамоҳанг бўлиши билан бирга, фуқароларимиз учун енгиллик яратиб, ундирувчининг ҳам қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши таъкидланди.

Шунингдек, қонун лойиҳасидаги амалдаги қонунчилик нормаларининг ҳаётга самарали татбиқ этилишига оид нормалар ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда депутатлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ва мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Қонун лойиҳаси билан мазкур Кодекснинг 178-моддасига қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, товарнинг сифати ва истеъмол хусусияти тўғрисида истеъмолчиларни чалғитиш, товарларни унга ўхшаш маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш, била туриб маҳсулотнинг хусусияти ва сифатини ўзгартириш, шунингдек қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш – ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлувчи чоралар қўллашга оид норма билан тўлдирилмоқда.

Ташаббускорлар томонидан қонун лойиҳасида кўзда тутилган ўзгартишлар ҳаётий мисоллар билан тўлиқ асослантирилмагани туфайли фракция аъзолари лойиҳа қабул қилингандан сўнг ҳеч қандай муаммоларсиз самарали ишлаб кетиши юзасидан баҳс-мунозарага киришишди.

Давлат бундан кейин ҳам фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиб қолиши керак, деб ҳисобловчи фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлик чоралари кучайтирилиши орқали истеъмолчилар манфаатларининг ишончли ҳимояси таъминланишини таъкидлашди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг позицияси билдирилиб, тегишли қарорлари қабул қилинди.